Жомбой тумани вакили республикада "Энг намунали хотин-қизлар фаоли" номинацияси ғолиби бўлди
Тошкентда “Намунали маҳалла ҳуқуқ тартибот маскани” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Жомбой туман Наймантепа маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Санобар Абдуллаева “Энг намунали хотин-қизлар фаоли” номинацияси ғолибига айланди.
Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, нотинч оилалар сонини камайтириш, маҳалла хавфсизлигини таъминлаш масалаласида олиб борилаётган ишларни муносиб тақдирлаш мақсадида бир неча йилдан бери ўтказиб келинаётган танлов ички ишлар ходимлари билан бир қаторда улар билан ҳамкорликда ишлайдиган турли соҳа вакилларининг меҳнати ҳам ҳисобга олинади.
-Маҳалламизда беш йилдан бери жиноятчилик умуман кузатилмаган, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик эса 10 йиллардан бери қайд этилмаган, - дейди танлов ғолибаси Санобар Абдуллаева. – Наймантепада тўрт мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 2066 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ўтган йилдан бери нотинч оилалар билан ишлашда бошқа бир тизим асосида иш олиб борамиз. Мисол учун, илгари нотинч оила деган барча оила аъзолари тушунилар ва улардан хабар олиш у ёки бу маънода моддий ёрдамгина назарда тутиларди. Ҳозир оиладаги нотинчликка сабаб бўлган шахс билан аниқ ва тизимли иш олиб борилади. Бу тизим фақат бир кишининг эмас, маҳалла еттилиги, профилактика инспектори билан режали ҳамкорлиги асосида амалга оширилади. Шу тизим асосида иш олиб бориб, нотич оилалар сони кескин камайишига эришдик.
Мисол учун ўтган йили бир неча йилдан бери спиртли ичимликка ружу қўйган аёл билан ишладик. Аввало унинг бунга ружу қўйиш сабабларини аниқладик, оиладаги муҳитни обдон ўргандик. Унинг бандлигини таъминлаш билан бир қаторда руҳий ҳолатига таъсир ўтказиш, уни стрессли ҳолатдан олиб чиқиш учун ҳожи оналаримиздан фойдаландик. Ҳозирда бу оила маҳаллада хотиржам, турмуш изга қўйилган оилалардан бирига айланди.
Гулруҳ Мўминова.