Жомбойда сусткашликка йўл қўйган 7 та мактаб директорига огоҳлантириш берилди
Вилоят халқ таълими бошқармасининг бўлим бошлиқлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Жомбой туманидаги умумтаълим мактабларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида мазкур ўрганиш натижалари мактаб директорлари иштирокида муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов сўзга чиқиб, ўтган ўқув йиллари давомида Жомбой таълим сифати, эришилаётган юқори натижалар бўйича вилоятда кучли учликка кирганини таъкидлади. Бироқ 2019-2020 ўқув йилида йўл қўйилган жиддий камчиликлар сабаб ушбу кўрсаткич ўнинчи ўрингача тушиб кетган. Бу ўз навбатида, ўқитувчи ва методистлар салоҳияти, ўқувчиларнинг танлов, мусобақа, фан олимпиадалари, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларида намоён бўлаётгани қайд этилди.
Бошқарма бош мутахассиси Латиф Каримов ишчи гуруҳ ҳисоботи билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди.
Таъкидланганидек, 6-, 7-, 29-, 30-, 38-, 44- ва 51-умумтаълим мактабларида янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етиб, ишлар самарали ташкил этилган. Бироқ қолган мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилган бўлса-да, ободонлаштириш ишларида камчиликка йўл қўйилган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати қониқарсиз баҳоланган. Хусусан, 25-, 31-, 36-, 43-, 47-, 49-, 52- умумтаълим мактабларидаги вазият кўнгилдагидек эмас.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, сусткашликка йўл қўяётган ва камчиликларга кўз юмиб келаётган мактаб директорлари огоҳлантирилди. Янги ўқув йили бошлангунга қадар муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқ берилди.
Сифат ва самарадорликни ошириш, директорлар, педагог-ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаб, ўқувчиларга пухта билим бериб, юқори натижаларга эришиши юзасидан тавсиялар, фикрлар билдирилди.