“Journey to Samarkand” (“Самарқандга саёҳат”) номли рисола муаллифи шаҳримизнинг эъзозли меҳмони

Индонезиялик журналист Марфуаҳ Панжи Астути хонимнинг Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд ҳақидаги “Journey to Samarkand” (“Самарқандга саёҳат”) номли китоби ушбу давлатда ўн минг нусхада нашр этилган ва индонезиялик китобхонлар томонидан яхши қабул қилинган. Китобнинг барча нусхалари қисқа муддат ичида сотилгани шундан далолат беради.
Айни пайтда турмуш ўртоғи Ҳерламбанг Сукма Сакияна билан мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган журналист бугун, 9 январь куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов билан учрашди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув чоғида Ўзбекистон ва Индонезия халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ришталари ва кейинги йилларда бу алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
“Journey to Samarkand” асарининг ёзилиши ва унинг аҳамияти, келгусидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ўзаро фикрлашиб олинди. Хусусан, зиёрат туризмини ривожлантириш, индонезиялик сайёҳларнинг Самарқанддаги муқаддас қадамжоларга саёҳатларини уюштириш бўйича таклифлар билдирилди.