Кадастр агентлиги базаси ишламаяптими?

Ижтимоий тармоқларда Кадастр агентлигининг базаси бир ойдан бери ишламаяпти мазмунидаги хабар тарқалди.

Агентликка кўра, ушбу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

"Кадастр агентлиги томонидан барча эски тизимлардаги кўчмас мулкларга оид маълумотларни UZKAD ахборот тизимига ўтказиш ишлари 7 декабрда бошланган ва 19 декабрда якунига етказилган.

Миграция жараён фақат бир марта дастурга маълумотларни кўчиришда вақт олди.

Ҳозирда барча нотурар кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар кўчириб бўлинган ва тизим ишламоқда.

Масалан, амалдаги тартиб бўйича, нотурар кўчмас мулклар бўйича нотариал битимлар тасдиқлаш жараёнида Кадастрга сўрови юборади ва жавоб келганидан сўнг, битим тасдиқланади.

Агар нотурар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ илгари қоғоз шаклида ёки бошқа ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, ҳуқуқ 3 кун ичида UZKAD тизимида давлат рўйхатидан қайтадан бепул ўтказилади ҳамда маълумотлар нотариусга онлайн юборилади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ UZKAD тизимида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, маълумотлар реал вақт режимида тақдим этилади.

Ҳозирги кунда нотариуслар томонидан илгари UZKAD тизимида давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулклар бўйича 2098 та сўров келиб тушган, шундан 481 та объектлар UZKAD тизимида давлат рўйхатидан ўтказилиб, сўровга жавоб қайтарилган.

Параллел равишда, сўров келиб тушмаган объектларга бўлган ҳуқуқларни ҳам UZKAD тизимида қайтадан рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Бундай объектлар бўйича 11 декабрдан буён 2016 та сўровларга реал вақт режимида жавоб берилган", дейилади агентлик хабарида.