Янги агентликнинг вазифалари ва амалга ошираётган ишларидан хабардормисиз?
Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг қуйи тизимидаги ер назоратчилари томонидан ўтказилган хатловларда 451 та ҳолатда 66 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.
Шундан 45 гектари уй-жой қуриш мақсадида, 4 гектар нотурар жой қуриш, 14 гектар томорқа сифатида ва 2 гектар бошқа мақсадларда эгалланган.
Ер майдонларининг 46 гектари экин ерлар, 12 гектар кўп йиллик дарахтзорлар ўрни, 7 гектар яйлов ва пичанзорлар, 1 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ер майдонларидир.
Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан қонун бузилишини содир этган шахсларга 250 та ёзма кўрсатмалар, 78 та ердан фойдаланувчи субъектларга ҳамда 287 та маҳаллий ҳокимликларга тақдимномалар, 88 ҳолатда прокуратура ва суд органларига маълумотлар киритилди.
Бундан ташқари, бошқарма томонидан жорий йилнинг январ ойида Ургут туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонларидан 2017-2021 йиллар даврида белгиланган мақсадда фойдаланилиши мониторинг қилинди.
Унда 74,3 гектарда рухсатсиз кўп йиллик дарахтзорлар барпо этилганлиги аниқланди. Шунингдек, 479,2 гектар майдонда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан уй-жой қурилган. 11,1 гектар ер майдон нотурар жой қуриш мақсадида эгаллаб олинган.
Ўзбошимчалик билан эгаллаш холатларини аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш бўйича барча туманларда мониторинг ишлари давом этмоқда.
Қайд этиш лозимки, Президентимизнинг 2021 йил 24 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан:
- давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида давлат назоратини амалга оширади;
- ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ушбу ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморат қурилишини аниқлайди;
- ер участкаси чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўради.
Агентликка жорий йил 1 июлга қадар:
- ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш ва уларни кўриб чиқиш мониторингини юритиш бўйича «Е-YER NAZORAT» автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;
- ерга оид ҳуқуқбузарликларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш ва натижалари тўғрисидаги маълумотларни «Е-YER NAZORAT» тизимига киритиб бориш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмалари, судлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ахборот тизимига интеграция қилиш;
-«Е-YER NAZORAT» тизимининг самарали ишлашини таъминлаш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича “Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом” лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Фозилбек Худойқулов,
Кадастр агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи.