ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади
Ҳукумат қарори (66-сон, 12.02.2021 йил) билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинди.
🏢 Низомга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва катрография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи ваколатли республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида бевосита Давлат солиқ қўмитасига бўйсунади.
💼 Агентликка Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Агентлик директори раҳбарлик қилади.
🔎 Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳолаб борилади.
📝 Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг функционал вазифаларни бажариш, билим даражаси, иш олиб бориш бўйича касбий қобилиятларини тест синовидан ўтказиш бўйича бериладиган тоифаларга қараб лавозим маошларига 10 фоиздан 50 фоизгача миқдорда махсус рағбатлантирувчи устамаларни ҳар йили тест синовидан ўтказиш асосида қўллаш тартиби Агентлик томонидан тасдиқланади.
☑️ Агентлик бошқарув ходимлари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддат узлуксиз хизмати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади.
✅ Шунингдек, қарор билан тасдиқланган низомга кўра, Давлат кадастрлари палатаси Кадастр агентлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва унинг тизимига киради.
📌 Давлат кадастрлари палатаси, жумладан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади ҳамда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрини юритади.
💼 Давлат кадастрлари палатасига Кадастр агентлиги директори тавсиясига биноан Давлат солиқ қўмитаси томонидан лавозимга тайинланадиган раис раҳбарлик қилади.
💰 Қарорга кўра, Кадастр агентлиги ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,7 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.