Каттақўрғон шаҳар суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди: тадбиркорлар озодликдан маҳрум этилди
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг ҳукмига кўра, Т.Абдижалилов (1976 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “Т-NUTS” ва “PICHOQCHI DRY FRUITS” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбари) ва бошқалар (жами 3 киши)га оид жиноят иши биринчи инстанцияда кўриб чиқилиб, 2025 йил 13 октябрда суд ҳукми эълон қилинган.
Суднинг ҳукмига кўра, судланувчилар Т.Абдижалилов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
А.Абдумаликов (1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “UNITED JOY GROUP” МЧЖ раҳбари) ва Ш.Қўзибоев (1998 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “BARAKASINI BERSIN TOMORQA XIZMATI” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган) ҳам Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 228-моддасининг 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланувчилар Т.Абдижалилов, А.Абдумаликов ва Ш.Қўзибоевлардан солидар тартибда “Агробанк” АТБ Оқдарё филиали фойдасига 6.998.763.240 сўм ундириш белгиланган.
Суд ҳукмига нисбатан судланувчилар Т.Абдижалилов, А.Абдумаликов ва Ш.Қўзибоевларнинг апелляция тартибидаги шикоятлари асосида жиноят иши кўриб чиқилиб, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 17 декабрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2025 йил 13 октябрдаги ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.