Каттақўрғонда 1600 ҳолатда юқумли касалликлар аниқланган

Ушбу туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда санитария назорати бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?

Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан Каттақўрғон туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими фаолияти ва туманда маҳаллабай ишлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-турда жавоб изланди.

Жорий йил туманда аҳолининг санитария эпидемиологик хотиржамлигини таъминлаш мақсадида бактериологик ва паразитологик лабораторияларга 200 миллион сўмлик асбоб-ускуналар сотиб олинган. Шунингдек, лабораториялар талаб даражасида фаолият кўрсатиши учун 95 миллион сўмлик озуқа муҳитлари, зардоблар ва реактивлар билан таъминланган.

- Йил бошидан буён фуқаролардан олинган лаборатория таҳлиллари натижасига кўра, туманда юқумли касалликларнинг 17 тури қайд қилинган ва 1603 ҳолатда касаллик аниқланган, - дейди туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  бўлим бошлиғи Убайдулла Сагдуллаев. - Ўтган йилнинг шу даврида юқумли касалликларнинг 17 тури аниқланган бўлиб, 1954 ҳолатда касаллик қайд этилган эди. Айни пайтда бу кўрсаткич 351 ҳолатга ёки 18 фоизга камайганлигини кўриш мумкин.

Олинган эпидемиологик ретроспектив таҳлиллар натижасига кўра, туманда сил касаллиги 30 фоизга камайган бўлса, безгак, гижжа ҳамда вирусли гепатитнинг «б», «с» ва «д» кўринишлари кўпроқ учрамоқда. Жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойида 400 нафардан ортиқ кишида вирусли гепатитнинг турли кўринишлари кузатилган.

Ҳозирда бундай касаллик билан оғриган беморлар алоҳида изоляция қилиниб, даволаш ва вакцинация ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда ушбу вирусга қарши курашишнинг асосий чораларидан бири эмлаш бўлиб, бир марта касалликка қарши эмланган киши 20 йилгача гепатитдан ҳимояланиши мумкин.

Пресс-тур давомида иштирокчилар туман санитария бўлими томонидан маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Чўянчи маҳалласида бўлди.

- Маҳалладаги 806 та хонадонда дезинфекция, 816 та хонадонда санитария тарғибот ишлари олиб борилди, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Маҳзуна Насриддинова. - Бошқарма ва унинг туман бўлими мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида артизан қудуқларидан олинган сув, бактериологик ва химик таҳлиллар мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилиб, тегишли хулосалар айтилди. Шунингдек, аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш мақсадида намуналар олиниб, санитария қоидаларига амал қилиш тушунтирилди ва тарқатма материаллар берилди.

Ф.Рўзибоев.