“Обод хонадон-кўча-маҳалла”: Мелихўжа кўркам ҳудудга айланди
“Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш асосида Каттақўрғон туманининг Мелихўжа маҳалласини ободонлаштириш ишлари якунига етди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Э.Турдимов, вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир эрта тонгда Тонг қўрғони қишлоғидан маҳалла марказигача масофада “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остидаги юриш марафони билан бошланди. Унда 3 мингдан ортиқ аҳоли ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Мелихўжа маҳалласида 1200 га яқин хонадон ва шунча оилада 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. 7155 гектар майдонда жойлашган маҳалла таркибида 5 та қишлоқ, 12 та кўча мавжуд. Ўзига хос шаҳарча бўлган маҳаллада собиқ паррандачилик фабрикаси тугатилгач, анча эътиборга муҳтож ҳолга келганди. Беш ой давомида олиб борилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари туфайли маҳалла янада замонавий кўриниш касб этди. Қисқа муддатда аҳоли учун ичимлик суви, электр энергияси, йўллар, ариқ-зовурларни тозалаш, бандликни таъминлаш, газ таъминотини яхшилаш ишлари олиб борилди, бир нечта ижтимоий соҳа объектлари янгидан қурилган бўлса, қолганлари капитал таъмирланди.
- Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлик асосида ўта оғир шароитда яшовчи, эҳтиёжманд тоифадаги 16 оиланинг турар-жойлари жорий ва капитал таъмирланди, 857 та хонадон ободонлаштирилди, - дейди Мелихўжа МФЙ раиси Низом Худоёров. - 220 дан ортиқ хонадонни электр энергияси, сув, газбаллон билан таъминлаш, интернет тармоғига улаш, чиқиндини олиб кетиш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди. Ҳомийлик ва ҳашар йўли билан 7 та хонадан иборат замонавий маҳалла биноси барпо этилиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти учун шарт-шароитлар яратиб берилди. Маҳалла биносининг ён қисмида жойлашган гузар биноси таъмирланиб, хотин-қизлар учун тикувчилик йўналиши ташкил этилди.
Маҳалладаги тўртта мактаб таъмирланди
Маҳалладаги умумтаълим мактаби мукаммал, учтаси жорий таъмирланди. Маҳалла аҳолиси учун янги “Workout” спорт майдончаси ташкил этилди. Аҳолини, айниқса, ёшларни спорт билан шуғулланиши учун маҳалладаги футбол майдони таъмирланиб, қарийб 2200 метр пиёдалар йўлаги барпо этилди. Мелихўжа қишлоғидаги 19-ДМТТ биноси ҳомийлик ҳисобидан қарийб 4 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий қиёфага келтирилди, “Гулобод” оилавий шифокорлик пункти қурилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, эркаклар сартарошхонаси, аёллар гўзаллик салони, 2 та трансформаторни қайта таъмирлаш цехи, 1 та трансформаторлар эҳтиёт қисмлари савдоси бўлими, 5 та паррандачилик цехи, 2 та автобекат, 7 та озиқ–овқат маҳсулотлари дўкони, 1 та оталар чойхонаси, 1 та дорихона, 6 та бошқа турдаги савдо марказлари ҳамда 26 гектар майдонда узумчиликка ихтисослаштирилган боғ барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирлар давомида 844 та хонадонда дезинфекция ишлари олиб борилди ҳамда 780 дан ортиқ йирик шохли ва бошқа турдаги уй ҳайвонлари юқумли касалликларга қарши эмланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида 44 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 21 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 48 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, 61 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиши, 19 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига ёрдам кўрсатилди.
Эътиборсиз фуқаро қолмайди
Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида 1702 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 16 нафарига даволаниш учун вилоят шифохоналарига ордер берилди. 9 нафар фуқарога реабилитация-техник воситалари етказиб берилиб, 1,5 мингга яқин фуқарога бепул дори-дармон тарқатилди. Аҳолининг муҳтож қатламига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, 20 нафар ижтимоий дафтарда турган фуқарога 471 миллион сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди, 10 нафар фуқарога банк кредити олишда кўмаклашилди, 17 нафарига 170 миллион сўмлик асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ажратилди.
Вилоят ҳокими маҳалла биноси қурилишига ҳисса қўшган ҳомийлар, қурувчи, пудратчиларга миннатдорчилик билдирди. Юртимизда инсон қадрининг улуғланаётгани, қишлоқлар аҳолиси учун шаҳардагидан кам бўлмаган шароит яратишга эътибор берилаётганини таъкидлади.
- Кўп йилдан буён маҳаллада меҳнат қилдим, ҳозир эса нуронийлар бўйича раис маслаҳатчисиман, - дейди маҳалла фаоли Ғуломқодир Тўйчиев. - Маҳалла ички кўчаларининг аксарият қисми жорий таъмирланди, ўзим 15 километр йўлга асфальт ётқизилганига гувоҳ бўлдим. Муҳими, 2 та ТП пункти янгидан ўрнатилди, 14 таси капитал таъмирланди, янгиэлектр тармоқлари ҳам тортилди. Маҳалламиздаги асосий кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилганини айтмайсизми? Аслида бу рақамларни айтиш осон, аммо аҳоли шу муаммоларга ечим тополмасдан кўп йилдан буён қийналарди. Маҳалламиз ободонлаштиришга тушганини эшитиб одамларимиз ҳам қўлидан келганча ҳашарларда қатнашди, қурилиш-ободонлаштириш ишларида ёрдамлашди. Мана, қисқа муддатда маҳалла бутунлай янги қиёфага кирди.
Маҳаллада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 11 гектар майдонда 6 та боғ ташкил этилгани ҳам қувонарли.
Тиббиёт пунктидан саноат хабигача
Навбатдаги объект Гулобод тиббиёт пункти бўлди. Вилоят ҳокими Э.Турдимов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниев янги барпо этилган тиббиёт масканининг аҳоли саломатлигини асраш йўлидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
- Энамяхши қишлоғида яқингача тиббиёт пункти бўлмаган, - дейди Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов. - Кейинчалик тиббиёт контейнери қўйилди, ҳозир эса барча қулайликлари мужассам бўлган тиббиёт пункти қурилди. Фуқароларнинг тадбиркорлиги, илмга интилиши туфайли маҳалла туманга намуна бўляпти. Маҳалла тадбиркорларнинг кўплиги ва ишлаб чиқаришнинг ривожланиши ҳисобига саноат хабига ҳам айланмоқда. Ҳозирдан маҳаллада трансформатор, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, узумчилик, паррандачилик драйверлари фаолият юритмоқда.
Тадбир давомида маҳаллада маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари, “Уч авлод учрашуви”, “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Маҳалладаги қурилиш, ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган қурувчи ва бунёдкорларга вилоят ва туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов (фото).