Олис қишлоқ ёшлари хорижда ўқиш имкониятига эга бўляпти
Каттақўрғон туман ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиларининг икки нафари муддатидан олдин талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди. Улар хорижий давлатларнинг энг нуфузли халқаро университетларидан қабул хатларини олган.
- Маълумки мактабимиз ўқувчилари ва уларга дарс берадиган ўқитувчилар ҳам имтиҳон асосида қабул қилинади, - дейди инглиз тили фани ўқитувчиси Обиджон Қўлдошев. – Таълим муассасамизда барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда бир қатор ютуқларни қўлга киритяпмиз. Мактабдаги 6 нафар инглиз тили ўқитувчиси бир ёқадан бош чиқариб, ўқувчиларимизнинг халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритишлари, шунингдек, нуфузли халқаро олий таълим муассасаларига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинишлари учун кўмаклашяпмиз. Натижада икки нафар битирувчи – Гулзиё Ғофурова ҳамда Шaҳрўз Болиевлар хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиш учун грантларни қўлга киритди.
- Бу ихтисослаштирилган мактабга келганимдаёқ олдимга муддатидан олдин талаба бўлиш мақсадини қўйгандим, - дейди Ш.Болиев. – Устозларимнинг меҳнати ва ўзимнинг ҳаракатларим сабабли бунга эришдим ҳам. IELTS сертификати учун имтиҳон топшириб 6,5 бални қўлга киритдим. Шунингдек, B2 даражали миллий сертификатга ҳам эга бўлдим. Натижада Нью Йорк технология институтига 108 минг долларлик грант асосида ўқишга кирдим.
- АҚШнинг Манхеттен Коллежи, Миссисипи ва Ксавье университетларига ўқишга қабул қилиндим, - дейди Гулзиё Ғафурова. – Жумладан, Ксавье университетининг 112 минг долларлик, Манхеттен Коллежининг эса 132 минг доллар миқдоридаги грантини қўлга киритдим.
Каттақўрғон туман ихтисослаштирилган мактабида нафақат инглиз тили, балки бошқа фанлар бўйича ҳам ўтказилаётган танловларда ғолибликни қўлга киритаётган ва муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлаётган ёшлар бор.
- Хусусан ўтган йили битирувчи синф ўқувчиси Олимжон Орифжонов ПДП университети томонидан ахборот технологиялари йўналишида ўтказилган олимпиадада 12 миллион сўмлик грант соҳиби бўлди, - дейди мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Элдор Чориев. – Натижада Самарқанд давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Жорий ўқув йилида эса 10-синф ўқувчиси Оғабек Ҳусанов ва 7-синф ўқувчиси Қобилжон Шариповлар фан олимпиадаларининг вилоят босқичида юқори ўринларни эгаллаб, кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди. Улар республика босқичида ҳам яхши натижаларга эришишига ишонамиз.
Мазкур таълим муассасасида ўқувчилар санъат ва спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланишлари учун ҳам зарур имкониятлар яратилган.
- Эсимни таниганимдан бери расм чизишга қизиқаман, - дейди мактабнинг 7-синф ўқувчиси Руҳшона Абдурауфова. – Аввал тумандаги 27-умумий ўрта таълим мактабида ўқиганман ва тасвирий санъат йўналишидаги тўгаракка қатнашиб турардим. Аммо ҳеч танловларда иштирок этмаганман. Бу ихтисослашган мактабга ўқишга қабул қилиниб, вилоят миқёсида “Гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида ўтказилган ёш рассомлар танловида биринчи ўринни эгалладим ва Италияда ўтказиладиган фестивалда қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритдим. “Sun of Italy” халқаро фестивали доирасида ўтказилган танловда эса иккинчи ўринга сазовор бўлдим.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, хусусан, олис қишлоқларда фаолият бошлаган ихтисослаштирилган мактаблар ўз самарасини бера бошлади. Ушбу таълим муассасаларини битираётган ёшларимиз келгусида ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассислари бўлиб етишишлари шубҳасиз.
Tўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
Севинч ҒАФФОРОВА.