Каттақўрғон туманида қорамолларнинг насли яхшиланмоқда
Қорамолларни озиқлантириш ва парваришлаш билан бирга урчитилаётган сигирларни жаҳоннинг илғор селекцион усулларидан фойдаланиб, насл ва маҳсулдорлигини яхшилаш туман чорвачилиги олдида турган муҳим вазифалардан бири.
Шу мақсадда 2022 йилнинг бошида 2 нафар чорва мутахассислари Россия Федерациясининг Липецк вилояти "ЩЕЛКОВО АГРОХИМ" хусусий корхонасида чорва моллари наслини яхшилаш борасида малакали мутахассислардан тажриба ўрганиб келди.
Бугунги кунда туманда сунъий уруғлантириш бўйича малакали мутахассислар, ҳомиладорликни текширувчи аппарат, дюар идишлар, микроскоплар ва бошқа зарур асбоб-анжомлари етарли.
2022 йил бошидан малакали мутахассислар аҳоли хонадонларидаги қорамоллар наслини яхшилаш мақсадида худудларда 23 минг бошдан ортиқ қорамолни сунъий уруғлантирди. Натижада 16 минг бошдан ортиқ бузоқлар туғилди.
Четдан 1 бош наслли бузоқ импорти ўртача 1000 долларга тушади. Демак, ўзимизда сунъий уруғлантириш орқали туғилган 16 минг бош наслли бузоқ 16 миллион доллар валютани иқтисод қилди. Бундан ташқари, четдан олиб келинган қорамоллар ўзимизни иқлим шароитга мослашгунча 15-20 фоиз чиқимга йўл қўйилиб, маҳсулдорлик йўқолади. Ўзимизда туғилган наслли қорамоллар шароитга мослашиб туғилади. Маҳсулдорлиги баланд ва касаллика чидамлилиги юқори бўлади.
Бу саъй-ҳаракатлар ҳадемай ўз самарасини беради.
Жаҳонгир Сафаров.