Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кексалар ҳаёти – ёшлар учун ибрат

Мамлакатимизда кекса авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Уларни соғломлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий ҳаётдаги фаолликларини ошириш учун кейинги йилларда кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 март  куни имзоланган “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. 

Қарор билан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ишини ривожлантириш бўйича еттита устувор йўналиш тасдиқланди.

“Нуроний” жамғармасининг Васийлик кенгаши ташкил этилди. Ҳокимлар мазкур жамғарма бўлимлари Васийлик кенгашлари раиси этиб белгиланди. Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси ҳисобланади. 

“Нуроний” жамғармаси бўлимлари раҳбарларига бир вақтнинг ўзида тегишлича вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимларининг маслаҳатчиси мақоми берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 июндаги қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик тузилмалари тўғрисида”ги намунавий Низомда “Кексалар маслаҳат” гуруҳига раҳбарлик фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган эди. Юқорида қайд қилинганидек бундан кейин ушбу «Кексалар маслаҳати» гуруҳига маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси раислик қилади.

Юртбошимиз ташаббуси билан 2021 йилда “Бир нуроний беш нафар ёшга мураббий” лойиҳаси амалга оширилган эди.  Бу ташаббус амалда ўзининг ижобий самарасини кўрсатди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур ташаббус асосида 2022 йилда туманимиздаги 172 нафар ижтимоий фаол нуронийларимиз 1424 нафар уюшмаган ва муаммоли, ишсиз, тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ҳамда профилактик ҳисобда турадиган ёшларга бириктирилиб, тегишли ишлар амалга оширилди. 

Янги қарор билан эса «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилиши белгилаб қўйилди.

 Бунда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхат асосида ўн нафар уюшмаган ва муаммоли ёшлар нуронийларга бириктирилади. Бой ҳаётий тажрибага эга зиёли, ҳунарманд, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари бўлган нуронийлар ҳудудлардаги барча таълим муассасаларига масъул бўлади.

Бундан ташқари «Нуроний ҳар бир оилага масъул» лойиҳаси асосида оилалардаги аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида муаммоли оилаларнинг ҳар бирига “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг бир нафардан аъзолари бириктирилади.

Ушбу ҳужжат билан Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари қарорига биноан “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили ҳамда “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида фаолият олиб борган ва ижобий натижаларга эришган нуронийларни “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириб бориш тизими жорий этилмоқда.

Кекса авлод вакиллари тормонидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳи томонидан

- нуронийларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид қонунчилик ҳужжатлари, Давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши;

- аҳолининг ижтимоий соҳадаги муаммолари, жумладан озиқ-овқат ва дори-дармон нархларининг сунъий оширилиши ҳамда мактаблардаги ўқувчилар давомати, тадбиркорлик фаолияти, бандлик, томорқадан фойдаланиш ва бошқа йўналишлардаги муаммоларининг ҳал этилиши;

- “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида олиб борилаётган ишлар;

- мактабгача ва мактаб таълими тизими муассасаларида «Иккита тил ва бир касб» тамойили асосида олиб борилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлиги устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади. 

Бундан ташқари, қарорга асосан, фахрий нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида «Уч авлод учрашуви» тадбирлари ташкил этилади. Касб-ҳунарга эга бўлмаган, ишсиз ва уюшмаган ёшлар билан юқори натижаларга эришган спортчилар, фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ўзини ўзи иш билан таъминлаган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда паралимпия спорт мусобақалари совриндорлари ўртасида «Матонат ва жасорат» тадбирлари ўтказиб борилади.

Туман ҳокимлиги ва секторлар раҳбарларининг амалий ёрдами ва ҳаракати билан шу пайтгача Камангарон, Мангитобод, Этак Бешкапа, Хўжайдуқ ва бошқа маҳаллаларда “Уч авлод учрашувлари” ўтказилди. Шу кунларда эса Рамазон ойи муносабати билан қатор маҳаллаларда кексалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган оилалар вакиллари иштирокида ифторликлар ташкил қилинмоқда. 

Шуҳрат АХМЕДОВ,

Ургут тумани “Нуронийлар” жамоатчилик 

кенгаши масъул ходими