“Ҳар қандай ҳимоячилар, судлар таъсиридан холимиз”
1938-йил 18-февралда ЎзССР Ички ишлар вазирлигида Республика НКВДси раҳбари Дереник Апресян бошчилигида шошилинч тезкор йиғилиш ўтказилди. НКВДнинг вилоят бошқармалари бошлиқлари иштирокидаги ушбу йиғилиш ёпиқ тарзда уюштирилган эди. Унда бир масала, яъни “халқ душмани”, “чет эл жосуси” тамғаси билан ҳибсга олинганлар, уларни тергов қилиш, нега бундай айб қўйилиб қамалганлар сони камлиги муҳокама қилинганди. ЎзССР НКВДси раҳбари Д.Апресяннинг йиғилишдаги чиқишидан айрим парчалар:
...Бизга маълум тоифадаги кишиларни ҳибсга олиш, қамаш учун кенг имкониятлар яратилган. Чунки ҳар қандай ҳимоячилар, судлардан, шунингдек, биз, чекистлар учун номақбул ташкилотлар, одамлар таъсиридан эркинмиз, холимиз. Яна бизга қандай шароит яратилиши керак? Бу масалада партия ҳам, раҳбарият ҳам ўртоқ Ежов тимсолида барча НКВД ходимларини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Мана, Самарқандда минглаб эронилар яшайди. Уларнинг орасида пролетар эронилар, яъни ишчилар унчалик кўп эмас. Лекин бу ерда бизни қизиқтирган тоифага мансуб кишилар шунчалик кўпки, улар орасидан минглаб кишиларни қамоққа олиш мумкин. Самарқанд вилояти НКВД бошқармаси бошлиғи Калмиков эса ҳозиргача бор-йўғи 172 эронини ҳибсга олган. Ёки, Самарқандда яшаётган греклар, латишлар, поляклар, немислар камми? Биз улардан нечтасини қамаганимизни айтишга ҳам уяласан...
...Ҳибсга олинганларга қаттиғроқ босим ўтказиш лозим. Агар уларга бу ердан чиқиб кетиш имкони йўқлигини билдирсак, терговни янада изчил олиб борсак, ўзларининг аксилинқилобий-қўпорувчилик фаолияти ҳақида гапиришга мажбур эканлигини сезишига, ишимизда муваффақиятлар ҳозиргидан кўра кўпроқ бўлишига аминман...
...Ахир Калмиковнинг яна ўн нафар эронини ҳибсга олмоқчи эканлиги ҳақидаги гапи латифага ўхшамайдими? Ҳатто уни эшитиш ҳам ноқулай. Йўналишни тўғри олиш, зарбани қаттиғроқ ва кенгроқ бериш керак. Қўлимизда катта вазирлик, тезкор ходимлар, чекистларнинг бутун бир армияси мавжуд-ку!..
Шундан кейин НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Калмиков ушбу топшириқни “ўрнига қўйиб” бажариш учун барча ходимларни шу йўналишга сафарбар этди. Энди “халқ душмани”, “аксилинқилобчи” тамғаси билан ҳибсга олинган ўзбеклар, тожиклар қаторида 15-20 йил илгари Самарқандга келиб, турғун бўлиб қолган немис, поляк, грек, уйғур ва бошқа миллат вакиллари ҳам “чет эл жосуси” сифатида қамоққа тиқила бошланди. Эронилар учун эса қатағон кучи янада сезиларли бўлди. Юзлаб бу миллатга мансуб кишилар, айниқса қачонлардир Эронга бориб келганлар “чет эл жосуси”, “одамлар ўртасида советларга қарши тарғибот олиб борган”, деган айблар билан ҳибсга олиндилар.
Бундай ишларга янада рағбат берган жиҳат ЎзССР НКВДси вазири Д.Апресян ўтказган ўша йиғилиш бўлганлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Доимо ходимларига “Мен раҳбарлик қилаётган бошқарма ҳамиша биринчи бўлиши керак”, деб такрорлайдиган Калмиков эса янада “шижоат” билан ишга киришди. Ана шу “ғайрати” туфайли у тез орада Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси аъзоси ва ЎзССР Олий Совети депутати этиб сайланганлигига ажабланмаса ҳам бўлади.
Лекин қатағоннинг бу зарбаси турли миллатга мансуб, юқоридан НКВДга берилган топшириқлардан бехабар минглаб кишиларнинг бошига кулфат олиб келди. Мана улардан айримларининг исми шарифи:
СУЛТОНОВ Раҳим – 1895-йилда Самарқанд туманининг 1-Жарариқ қишлоғида туғилган. Совет даврида шу қишлоқда ташкил этилган Ворошилов номли колхозда ишлаган. 1938-йил 3-март куни НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан 1934-йил Эронга кетиб, 1935-йилда қайтиб келгани учун ва Эрон давлати фойдасига жосуслик қилган, аксилинқилобий тарғибот олиб борган, деган айб билан ҳибсга олинган. Унга ЎзССР ЖКнинг 62 ва 66-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этган, деган айб қўйилди. 1938-йил 21-июль куни НКВДнинг Самарқанддаги ҳибсхонасида олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида вафот этади.
ТЕППЕР Владимир Адамович – 1893-йилда Белоруссиянинг Минск губернияси Турово қишлоғида туғилган. 1938-йил апрелда Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасида ҳисобчи бўлиб ишлаётган пайтида НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўзга давлат фойдасига жосуслик қилган, деган айб билан ҳибсга олинган. 1938-йил 16-октябрда ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1-қисмига асосан 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1941-йил бошларида унинг ёзган шикояти асосида СССР НКВДси ҳузуридаги алоҳида кенгаш томонидан иши қайта кўрилиб, унга қўйилган айблар асоссиз, деб топилган ва ҳибсдан озод қилинган.
ХУДОЙБЕРДИЕВ Раҳмон – 1910-йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Миллати эрони. Самарқанд шаҳар Қўшҳовуз маҳалласи, 3-уйда яшаган. СамДУнинг физика-математика факультетини 1937-йилда битирган. Шаҳардаги сиртқи педагогика билим юрти ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 1938-йил август ойида аксилинқилобий тарғиботда айбланиб, НКВДнинг вилоят бошқармаси томонидан ҳибсга олинган. 9 ой қамоқда ётгач, айбини исботловчи ҳеч қандай далил топилмай ҳибсдан озод қилинган.
ЛИ Сен Хен – 1908-йилда Кореяда туғилган. 1929-йилда совет давлати ҳудудига ўтган. Узоқ Шарқ ўлкасида яшаган. 1931-йилда Тошкентга келган. Ўша ерда ишчилар факультетида ўқиган. Кейин Самарқанддаги Агроколхоз университетига ўқишга кирган. 1938-йил 14-июнда НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан аксилинқилобий тарғиботда айбланиб ҳибсга олинган. 1938-йил 3-ноябрда ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 1941-йил январь ойида иши қайта кўрилиб, ҳибсдан озод қилинган.
ҒУЛОМОВ Маматқул – 1872-йилда Самарқанд туманининг Дамариқ қишлоғида туғилган. 1938-йил 24-февралда НКВДнинг вилоят бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида советларга қарши тарғибот олиб борган, деган айб билан ҳибсга олинган. 1938-йил 20-октябрда ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
КОЗОН Вацлав Францевич – 1874-йилда Польшанинг Варшава губерниясида туғилган. 1918-йилдан Самарқанд шаҳрида яшаган. Олий маълумотли фармацевт. Шаҳардаги акушерлик-фельдшерлик мактабида ўқитувчилик қилган. 1938-йил 1-апрелда НКВДнинг вилоят бошқармаси томонидан Польша давлати фойдасига жосуслик қилган, деган айб билан ҳибсга олинган. 1938-йил 21-сентябрда ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1939-йил 26-августда қамоқхонада вафот этган.
ЛЕШИНСКИЙ Станислав Фельцьянович – 1882 йилда Гродно губерниясининг Белосток шаҳрида туғилган. Миллати поляк. 1923-йилда Ўзбекистонга келган. Илгари чор Россияси армиясининг офицери бўлган. Самарқанд ўт ўчирувчилар отрядида ўқитувчи-йўриқча бўлиб ишлаган. 1938-йил март ойида НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Польша давлати фойдасига жосуслик қилган, деган айб билан ҳибсга олинган. Ўша йилнинг сентябрь ойида ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан ЎзССР ЖКнинг 62 ва 66-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топилиб, отувга ҳукм қилинган.
РЕМПЕЛЬ Арон Абрамович – 1886-йилда Қримнинг Оғузтепа қишлоғида туғилган. Миллати немис. Самарқандга яшаш ва ишлаш учун 1931-йил июнь ойида келган. Москвадаги чет тиллар институтини тугаллаган. СамДУнинг кимё факультетида талабаларга немис тилидан дарс берган. 1938-йил 25-мартда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Германия фойдасига жосуслик қилган, деган айб билан ҳибсга олинган. 1938-йил 21-сентябрда ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳукм 1938-йил 14-октябрда Тошкент шаҳрида ижро этилган. 1959-йил 23-июлда Туркистон Ҳарбий округи ҳарбий трибунали томонидан иши қайта кўрилиб, бутунлай оқланган.
ШПАНГЕЛЬ Богдан Богданович – 1902-йилда немислар истиқомат қилувчи Поволжья Республикасида туғилган. 1922-йилда Самарқандга кўчиб келган. Пайариқ туманидаги 5-наслчилик давлат хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаган. 1938-йил 1-февралда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан жосуслик ва қўпорувчилик ташкилоти аъзоси бўлган, деган айб билан ҳибсга олинган. Қарийб икки йил қамоқда ётгач, 1939-йил 22-декабрда унга қўйилган айб исботланмай ҳибсдан озод қилинган.
ГУТКЕВИЧ Густав Карлович – 1880-йилда Латвиянинг Вендена шаҳрида туғилган. Миллати немис. 1920-йилдан Самарқанд шаҳрида яшаган. Олий маълумотли фармацевт. СамДУда талабаларга немис ва лотин тилидан дарс берган. 1937-йил 21-октябрда Самарқанд медицина институтида фармокология кафедрасида ҳам асистент вазифасида хизмат қилаётган пайтида НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Германия фойдасига жосуслик қилган, деган айб билан ҳибсга олинган. Бир йил етти ой ҳибсда ётгач, айби исботланмай унга нисбатан очилган жиноий иш ҳаракатдан тўхтатилган.
КЛЯЙНВЕХТОР Карл Францевич – 1890-йилда Австрияда туғилган. Миллати немис. Самарқанддаги Республика шифохонасида техник бўлиб ишлаган. 1938-йил 3-апрелда Германия фойдасига жосуслик билан шуғулланган, деган айб билан НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан ҳибсга олинган. ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан 1938-йил 21-октябрда ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳукм шу куни ижро этилган.
ФЕДЕРАУ Иван Иванович – 1897-йилда Қримнинг Оғузтепа қишлоғида туғилган. Олий маълумотли врач. Самарқанд шаҳар шифохонасида ишлаган. 1938-йил 3-апрелда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Германия фойдасига жосуслик билан шуғулланган, деган айб билан ҳибсга олинган. Бир йил уч ой қамоқда сақланган. 1939-йил 3-июлда айби исботланмагани учун ҳибсдан озод қилинган.
БАНК Исаак Львович – 1891-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати яҳудий. Олий маълумотли врач. Самарқанд юқумли касалликлар шифохонасида бўлим мудири ва тиббиёт институтида асистент вазифасида ишлаган. Тиббиёт фанлари номзоди илмий унвонига эга бўлган. 1938-йил 2-июлда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Германия фойдасига жосуслик қилган, деган айб билан ҳибсга олинган. Бир ярим йил қамоқда ётгач, қайта тергов давомида унга қўйилган айблар ўз тасдиғини топмай, ҳибсдан озод қилинади.
ЛЯХОВИЧ Иосиф Демьянович – 1882-йилда Польшанинг Каменец-Подольск губернияси Подлясовка қишлоғида туғилган. Миллати поляк. 1931-йилдан Самарқанд шаҳрида яшаган. Нон маҳсулотлари заводида темирчи бўлиб ишлаган. 1938-йил 21-февралда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Польша давлати фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, ҳибсга олинган. Бундан ташқари 12 ёшида, яъни 1894-йилда чегарадан ноқонуний ўтганлиги ҳам унга айб қилиб қўйилган. ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан 1938-йил 20-октябрда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 1939-йил 3-декабрда, у қамоқ муддатини ўтаётган пайтда ёзган шикояти асосида жиноят иши қайта кўрилиб, унга жосуслик бўйича қўйилган айб олиб ташланади ва жазо муддати 3 йилга туширилади. И.Ляхович 1941-йил 14-июлда қамоқхонада вафот этади. Туркистон Ҳарбий округи Ҳарбий трибунали унинг ишини 1957-йил 1-февралда қайта кўриб, И.Д.Ляховични бутунлай айбсиз, деб топди ва оқлади.
ЗЕМЧИК Михаил Осипович – 1891-йилда Белоруссиянинг Гродно вилояти Колоная қишлоғида туғилган. 1923-йилдан Самарқанд шаҳрида яшаган. “Зардолводхоз” ташкилотида техник бўлиб ишлаган. 1938-йил НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан чет эл жосуси, деган айб билан ҳибсга олинган. 1938-йил 13-сентябрда ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳукм 1938-йил 5-октябрда ижро этилган. 1956-йил ноябрь ойида Туркистон Ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан унинг иши қайта кўрилиб, бутунлай оқланган.
РОКОВСКИЙ Петр Иванович – 1879-йилда Польшанинг Варшава губернияси Чухулица қишлоғида туғилган. Самарқанддаги Қорақўлчилик илмий-тадқиқот институтида чилангар-механик бўлиб ишлаган. 1938 йил 10 февралда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Польша разведкасининг агенти сифатида айбланиб, ҳибсга олинган. ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан 1938-йил 20-октябрда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Туркистон Ҳарбий округининг Ҳарбий трибунали томонидан 1957-йил 8 январда унинг ишини қайта кўриб, “учлик”нинг қарорини бекор қилган ва П.И.Раковскийни бутунлай оқлаган.
ШИМАНЧУК Александр Иванович – 1907-йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Оқдарё туманидаги “Янгийўл” артелининг раиси бўлиб ишлаган. 1938-йил 22-февралда Польша разведкасининг жосуси, деган айб билан НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан ҳибсга олинган. ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” томонидан 1938-йил 16-октябрда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Туркистон округининг Ҳарбий трибунали томонидан 1957-йил январда унинг ишини қайта кўриб, “учлик”нинг қарорини нотўғри, деб топган ва А.И.Шиманчукни бутунлай оқлаган.
СОЛОВЕЙЧИК Шлем Моисеевич – 1914-йилда Польшанинг Вилен губернияси Глубокое қишлоғида туғилган. 1935-йилдан Самарқандда яшаган. “Союзтранс” корхонаси гаражида ишлаган. 1937-йил 11-декабрда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Польша разведкаси жосуси, деган айб билан ҳибсга олинган. 1938-йил 16-октябрда ЎзССР НКВДсининг қарори билан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1957-йил 8-январда Туркистон Ҳарбий округининг Ҳарбий трибунали унинг ишини қайта кўриб чиқиб, Ш.М.Соловейчикни бутунлай оқлаган.
ПОПРОЦКИЙ Владимир Яковлевич – 1880-йилда Польшанинг Варшава губернияси Сифневич шаҳрида туғилган. Миллати поляк. Самарқанд нон маҳсулотлари корхонасида бригада бошлиғи бўлиб ишлаган. 1938-йил 23-февралда НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан Польша разведкаси жосуси, деган айб билан ҳибсга олинган. ЎзССР НКВДси ҳузуридаги “учлик” қарори билан 1938-йил 16-октябрда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1939-йил 6-августда Узоқ Шимолда қамоқ муддатини ўташ даврида ўпка сили касаллигидан вафот этган.
Музаффар МУҚИМОВ,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.