Келажак касблари — бугун касбий таълимда

Бугун жаҳон меҳнат бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бир пайтда касбий таълим тизими олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — иқтисодиётнинг стратегик соҳалари учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, келажак касбларини касбий таълим тизимига бугундан жорий этиш долзарб масалага айланмоқда.

Бундай шароитда касбий таълим тизимининг асосий вазифаси фақатгина касб ўргатиш эмас, балки келажак иқтисодиёти учун рақобатбардош, инновацион фикрлайдиган ва замонавий технологиялар билан ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир.

Республика Президентининг 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган ПФ–190-сон Фармонида техникумларда амалий кўникмаларга асосланган таълимни жорий этиш, иш берувчилар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, ўқув дастурларини халқаро стандартларга мувофиқ янгилаш вазифалари аниқ белгилаб берилган. Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларда келажак касблари бўйича йўналишлар жорий этилади.

Бугун мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётини келажак касбларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, электромобилларга техник хизмат кўрсатиш, қуёш панеллари ва қайта тикланувчи энергия манбалари, замонавий пайвандлаш технологиялари, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект асослари каби йўналишлар иқтисодиётнинг энг муҳим стратегик соҳалари ҳисобланади.

Ушбу йўналишлар нафақат технологик жиҳатдан илғор, балки мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу боис, мазкур касбларни касбий таълим тизими орқали ривожлантириш стратегик аҳамият касб этади.

Бугун касбий таълим тизимида эски, асосан назарий таълимга таянган ёндашувлар меҳнат бозори талабларига тўлиқ жавоб бермай қолмоқда. Янги иш ўринлари амалиётга йўналтирилган, рақамли кўникмаларга эга, замонавий технологиялар билан ишлай оладиган мутахассисларни талаб қилмоқда.

Шу сабабли иқтисодиётнинг таркибий ўзгариши, илғор технологияларнинг жадал жорий этилиши ҳамда меҳнат бозорида замонавий касбий компетенцияларга бўлган талабнинг кескин ошиши натижасида касбий таълим тизимида янги ёндашувларни жорий этиш давлат сиёсати даражасидаги объектив заруратга айланди.

Келажак касбларини касбий таълимга жорий этиш фақат янги фан ёки модул қўшиш билан чекланмайди. Бу аввало, устахона ва лабораторияларни замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш, педагог кадрларни хорижда малака ошириш ва стажировкаларга жалб этишни талаб қилади. Шунингдек, иш берувчилар билан яқин ҳамкорлик, дуал ва қўшма таълим дастурлари орқали ўқувчиларни халқаро стандартларга мос тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугун ёшлар учун энг муҳим савол шундан иборат: “Қайси касб менга иш беради?” Техникумларда келажак касбларини жорий этиш орқали айнан шу саволга аниқ ва амалий жавоб беришга эришилади.

Дарҳақиқат, электромобиллар сонининг ортиб бориши уларга техник хизмат кўрсатадиган мутахассисларга бўлган талабни ҳам оширмоқда. Яшил энергетика соҳасида қуёш панелларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш бўйича малакали кадрлар ҳар бир ҳудуд учун долзарб. Шу билан бирга, замонавий пайвандлаш технологиялари нафақат анъанавий қурилишда, балки юқори аниқликдаги ишлаб чиқариш тармоқларида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект эса барча соҳаларга кириб келаётган универсал кўникма сифатида келажак мутахассислари учун асосий касбий капиталга айланмоқда.

Шу муносабат билан вилоятимиздаги техникумлар томонидан келажак касблари бўйича ўқувчиларни тайёрлашда ҳамкор корхоналарнинг ҳақиқий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда буюртмалар қабул қилиш, амалиёт базаларини шакллантириш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикасининг Халқаро таълим технологиялари институти раҳбариятининг вилоятимизга ташрифи доирасида касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, келажак касблари жорий этиладиган техникумларнинг ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарини Хитойда стажировка ўташ масаласида келишувларга эришилди.

Келажак касблари — эртанинг эмас, айнан бугуннинг талаби. Уларни техникумларга тизимли ва мақсадли жорий этиш орқали бутун иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган мустаҳкам кадрлар захирасини яратиш мумкин. Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилса, касбий таълим мамлакат тараққиётининг энг муҳим драйверларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Ғайрат НОРҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти касбий таълим

бошқармасининг шуъба бошлиғи.