Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимдан нимани оламиз?

Табиийки, одам ўзида йўқ нарсани бошқа жойдан, бировдан олади ёки ўрганади. Масалан,

-  энг аввало, гапиришни онадан ўрганамиз;

-  кийим кийишни ота-она, катта ёшдагилардан ўрганамиз;

-  ғурурни наслимиздан, аждодимиздан оламиз;

-  билимни китоб ва муаллимдан оламиз;

 -  хаста бўлсак, муолажани, давони табиб ва доридан оламиз;

-  куч-қувватни еган таомимиздан оламиз;

-  қарзни давлатманддан ёки банкдан оламиз;

-  меҳнаткашликни чумолидан, тартиб-интизомни асаларидан ўрганамиз;

-  шиддатни ишончдан, завқни гўзалликдан оламиз;

-  обрў, салоҳиятни элдан оламиз;

-  барча фазилатни ота-онадан оламиз;

-  мустақил фикрлаш ва ҳаёт сабоғини устоздан ўрганамиз.

Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Келинг, бир ўйлаб кўрайлик, ўзимиз оиланинг, жамиятнинг маҳсули эканлигимизни, биз жамиятимиз, жамиятимиз эса биз каби бўлишини тан оламизми? Ҳаётда ўзимизга нимадир олган инсонни, жойни, ҳолатни қадрлай билаяпмизми?

Қуш дон еган жойини, ит эса меҳр кўрган кишисини унутмас экан. От ўз эгасини у йиқилганда ҳам босиб ўтмас экан. Бир хил тоифа балиқ уруғ қўйгандан сўнг ўлишини билса-да, шаршарадан ўн метр баландликка машаққат билан чиқиб, уруғ қўяркан.

Ҳаммамиз биладиган бу ҳолатлар нега бизга сабоқ бўлмаётир? Нега биз ота-онамиз, ака-опамиз, устозимиз айтганларини қилмай қўйдик? Нега биз ҳеч ким бермаган ваколатимизни ошириб юбораяпмиз?

Фармон Тошев.