"Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай"
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи эрталабдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчилар, шоирлар, талаба ва ўқувчилар билан гавжум бўлди.
Буюк мутафаккир таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан боғ марказида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали пойида тадбир ўтказилди. Унда буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, бой маданий мероси ва бугунги кунда ёшлар тарбиясидаги ўрни хусусида фикр юритилди. Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Фармон Тошев ва Хосият Бобомуродова, СамДУ профессори Эркин Мусурмонов Алишер Навоийнинг туркий тил ва адабиёт ривожидаги тилшунослигидаги ўрни, унинг асарларида илгари сурилган ғоялар ҳақида сўз юритди.
Тадбирда талабалар томонидан Навоий ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан Ҳазрат Навоий сиймоси акс эттирилган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Тадбир Самарқанд шаҳридаги Концерт залида бадиий кеча билан давом этди.