Кимлар афв этилди, нега?: Кутилган саволларга кутилмаган жавоб

Одатда Конституциядаги 109-моддага кўпам эътибор қилинмайди. Ваҳоланки, унда жуда муҳим масалалар белгиланган. Аслида Асосий қонуннинг ушбу модда ўрин олган XIX бобида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколати, ҳуқуқлари ва бошқа масалалар қайд қилинган. 109-модданинг 23 бандидан эса давлат раҳбари “... Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади”, деган тартибни билиб олишимиз мумкин.

Эътибор қилинг, Исроил бош вазири ўзига қўйилаётган айбловлар учун мамлакат президентидан афв сўраяпти. Яъни, ҳали суд қарори чиқмасдан қилмиши учун жазоланмасликни сўраяпти. Аммо бизнинг Конституциямизга кўра, афв этиш судларимиз томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Албатта, яқинда Конституция қабул қилинган кун муносабати билан Президентимиз 615 нафар маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганидан кўпчилик хабардор. Масала шундаки, айрим кишилар бу кечиримлиликни бутунлай жазодан озод этиш, деб тушунмоқда. Шу сабаб айримларда "Жиноятчилар нега озод қилиб юборилмоқда?", деган савол туғилмоқда. Ўзи, умуман, Президент қандай жиноятчиларни афв қилади, деган тушунмовчилик ҳам йўқ эмас.

Маълумот ўрнида...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 7 декабрдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлиги қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига асосан вилоятимиз бўйича 54 нафар шахсларга нисбатан афв тадбиқ этилган.

Ушбу шахсларнинг 26 нафари (20 нафари пробациядан, 6 нафари жазони ижро этиш муассасаси - ЖИЭМдан) асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 14 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 14 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо (ахлоқ тузатиш ишлари) билан алмаштирилган.

Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар (1 нафар пробациядан, 1 нафари ЖИЭМдан), 3 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 20 нафарини ёшлар (9 та пробация, 11 та ЖИЭМ) ҳамда 1 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этган.

Бизнингча, шу фактларнинг ўзиёқ афвнинг моҳияти, жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида аниқ тасаввур беради. Шундай бўлса-да, айтиш ўтиш лозим афв муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга оширилади. Бу уни оқлайдиган ва у томонидан жиноят содир этганлик фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди. Афв этиш - маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади.

Президент ваколати ёки илтимоснома

Юқорида айтилганидек, афв Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколати. Уни қонун доирасида амалга ошириш учун 2018 йил 8 майдаги фармон билан Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Қоидага кўра, дастлаб маҳкум ёки жазони ўтаб бўлган шахс, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан афв этиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳуқуқи берилган шахс (орган)лар томонидан Президент номига ёзма шаклда илтимоснома берилади.

Илтимоснома:

- жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти ёки ҳукмни ижро этувчи бошқа орган томонидан;

- судланганликни олиб ташлаш бўйича афв этиш тўғрисидаги илтимоснома берилган ҳолларда мустақил равишда юборилади.

10 кунда кўриб чиқилади

Илтимосномаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган Комиссия томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларининг фуқаролик ва афв этиш шуъбаси Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

Шуъба ўрганиш натижалари бўйича афв этиш тўғрисидаги илтимоснома келиб тушган кундан бошлаб 10 кун давомида:

- илтимосномани белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилади;

- агар ҳужжатларни беришда ёки расмийлаштиришда ушбу Низом талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса, илтимосномани кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этади ва илтимосномани у келган органга ёхуд уни юборган шахсга қайтаради. Бунда афв этиш тўғрисидаги илтимоснома аниқланган камчиликлар бартараф этилгандан кейин, у қайтарилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан такроран тақдим этилиши мумкин.

Илтимосномани Комиссия томонидан кўриб чиқиш муддати илтимоснома келиб тушган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги лозим.

Нималар эътиборга олинади?

Илтимосномани кўриб чиқишда:

- содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси;

- жазони ўташ ёки ижро этиш вақтида маҳкумнинг хулқ-атвори (тузалиши);

- ўталган (ижро этилган) жазо муддати (ҳажми);

- маҳкумга нисбатан муқаддам амнистия акти, афв этиш қўлланилганлиги ёки жазодан муддатидан илгари шартли озод этилганлиги, жазонинг енгилроқ жазо билан алмаштирилганлиги;

- жиноят оқибатида етказилган зарарнинг қопланганлиги;

- маҳкумнинг шахси, соғлиғи ҳолати, судланганлиги, оилавий аҳволи ва ёши;

- Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматининг хулосалари;

- Комиссия илтимосномани кўриб чиқиш учун муҳим деб ҳисоблаган бошқа ҳолатлар.

Илтимоснома ижобий кўриб чиқилганда, Комиссия Президентга таклиф киритади. Рад этилганда, шуъба бу ҳақда 1 кун давомида илтимоснома берган шахсни хабардор қилиш учун илтимоснома келиб тушган органга ёки илтимосномани мустақил равишда юборган шахсга хабар беради.

Ё.Марқаев тайёрлади.