27–28 март кунлари Алания шаҳрида халқаро “Ultra-Trail” пойгаси бўлиб ўтади
Туркиянинг Алания шаҳри шу йилнинг март ойи сўнгги кунларида яна бир бор халқаро пойга мусобақасига мезбонлик қилади. Ушбу мусобақа Ўрта ер денгизи билан Торос тоғларининг салқин ёнбағирлари орасидаги бетакрор ва ҳайратомуз йўналишларда ўтказилади.
Алания “Ultra-Trail” 2017 йилда илк бор ташкил этилганидан буён 34 мамлакатдан 700 дан ортиқ спортчини бирлаштирган ва халқаро миқёсда эътироф этилган тоғ-сўқмоқ югуриш мусобақасидир. Бу йилги мусобақа “Анъанадан сўқмоққача” шиори остида ўтказилмоқда. Тадбир Туркия туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (TGA) ҳамда Ёшлар ва спорт вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланади.

Анъанадан сўқмоққача
Алания “Ultra-Trail” қадимда эркин ва матонатли кўчманчи турклар — ёруклар (Йöрüклар) фойдаланиб келган кўчма йўллар бўйлаб ўтказилади. Ушбу йўналишлар Торос тоғларидан Клеопатра соҳилига қадар чўзилиб, тарихий карвон йўллари, асрлар давомида сақланиб келаётган Алания кемасозлик устахонаси, Алания қалъаси, баланд тоғ орқали ўтади.
Мусобақа бир нечта масофаларни ўз ичига олади. Энг узуни — 68 километрли Алания “Ultra-Trail” (АУТ) йўналишидир. Бундан ташқари, 42 километрли Торос тоғлари йўли (ТМТ), 27 километрли Кейкубод тоғ югуриши (КМР), 18 километрли Клеопатра қисқа сўқмоғи (CСТ) ҳамда 5 километрли Алания қалъа югуриши (АCР) босқичлари ҳам мавжуд.
Мусобақа Дамлаташ ғори ва Клеопатра соҳилидан бошланади. Йўл давомида Топҳане, Қизил минора, Алания кемасозлик устахонаси (Терсане), Эсат буржи, Бедестен ҳамда Алания қалъаси каби тарихий масканлар орқали ўтилади. Шаҳар кўчаларидаги қисқа югуришдан сўнг пойга Торос тоғлари бағрига кўчади ва йўналиш яна Клеопатра соҳилидаги марра чизиғида якунланади.

Ҳам пойга, ҳам сайёҳлик
Таъкидлаш ўринлики, Анталиянинг шарқий қисмида жойлашган Алания шаҳри такрорланмас табиат гўзаллиги, бир неча минг йиллик тарихга эга қалъалари ҳамда жўшқин ҳаёт тарзи билан сайёҳларни ўзига ром қиладиган жонли соҳил маскани ҳисобланади.
Алания ўзининг ўхшаши йўқ табиий гўзалликлари билан ҳам ажралиб туради. Бу ерда Инжеқум ва Клеопатра соҳили каби Мовий байроқ мукофотига сазовор бўлган соҳиллар, шунингдек Сападере дараси, Дим ва Дамлаташ ғори, Дерекўй яйласи каби мафтункор табиий масканлар мавжуд.

Шунингдек, Аланиянинг жўшқин тунги ҳаёти алоҳида эътиборга лойиқ. Жонли барлар ва мусиқа масканлари туфайли қуёш ботганидан кейин ҳам шаҳар ҳаёти давом этади ва унинг бетакрор энергияси тун бўйи сақланиб қолади.
Зилола тайёрлади.