Кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш ҳар биримизнинг қўлимиздан келади

. Ваҳоланки, соғ-саломат пайти энг бахтли инсонлардан бири эканлигимизни тушуниб етмаймиз. Бунинг учун ҳар куни қанчадан-қанча шифохоналарда сизнинг ҳолатингизда бўлишни орзу қилиб ўтирган беморларни тасаввур қилишингизнинг ўзи етарли, назаримда. Мана, уларнинг баъзиларини ифодалаб берсам.

… Автоҳалокатдан сўнг "тез ёрдам" машинаси олиб келган болакай. Жуда кўп қон йўқотган. Унга зудлик билан қон қуйилса, аҳволи ижобий томонга ўзгариши мумкин.

…Туғруқхонага келган ёшгина, навниҳол келинчак. Икки дунё оралиғидаги она. Акушерларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг кўзи ёриди, лекин аҳволи оғирлашиб қолган. У ҳам кўп қон йўқотган, ўз вақтида қон қуйилса, унинг умрини асраб қолиш мумкин.

Бундай ҳолатлар ҳар куни, ёнгинамиздаги шифохоналарда учрайди. Бу беморлар бошқаларнинг, яъни соғлом инсонларнинг ўз вақтида амалга оширган яхшиликлари туфайли ҳаётга қайтишлари мумкин. Тўғри, тиббиёт йилдан-йилга ривожланиб бораётир. Аммо инсондаги қоннинг ўрнини босадиган препарат ҳозирча кашф этилмаган. Фақатгина яхши инсонларнинг кўмаги туфайлигина оғир ҳолатдаги қанчадан-қанча беморлар яна ҳаётга қайтишга мушарраф бўлишади. Шунинг учун барча давлатларда бўлгани сингари бизда ҳам қон қуйиш марказлари ташкил этилган. Тизим бир хил. Аммо… Мисол учун, АҚШда кўнгилли қон берувчилар ҳар минг кишига 125 нафарни ташкил қиларкан. Бизда эса бу кўрсаткич 8 нафар. Инсон донор бўлиши орқали бир инсоннинг ҳаётини асраб қолади. Бундан улуғ савоб иш борми? Соғлом пайтда яхшилик қилиш истагидаги инсонлар шу ҳақда ўйлаб кўриши керак. Соғлом инсон донор бўла олиши мумкин, демак, кимнингдир ҳаётини сақлаш имконияти бор.

Дилфуза АҲМЕДОВА,

вилоят қон қуйиш маркази шифокори.