Кофирқалъа ёдгорлиги эътибордан четда эмасми?
Кофирқалъа шаҳарчаси Дарғом каналининг чап қирғоғида, Афросиёбнинг жанубий томонида, Самарқанд шаҳридан 18 километр олисда жойлашган. Қадимий шаҳарнинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, арк, шаҳристон ва рабоддан иборат.
Арк квадрат шаклида бўлиб, баландлиги 25 метрни ташкил этган. Шаҳристон ҳам тўртбурчак шаклида бўлиб томонлари 360 метрдан. Рабоднинг катта қисми ҳозирда экин майдонига айлантирилганлиги учун унинг аниқ ҳажми номаълум. Ушбу ёдгорликда 1991 йилдан буён дастлаб Я.Ғуломов номидаги Археология институтининг археологик отряди, сўнгра Ўзбекистон-Италия халқаро қўшма экспедицияси, ҳозир эса Ўзбекистон-Япония халқаро қўшма экспедицияси олимлари ҳамкорликда қазишма олиб бормоқда.
Қарийб ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида Аркнинг ичидан айвон, ҳашаматли зал, ҳукмдор ўтиришига мўлжалланган тахтхона ва бошқа иншоотлар ўрганилди. Қазишмалар жараёнида Аркнинг ичи ниҳоятда бой ва ранг-баранг ёғоч ўймакорлиги билан безатилгани маълум бўлди. Уларда инсон шакллари билан бирга ҳар хил ўсимликлар ва нафис геометрик нақшлар ҳам ишланган.
Кофирқалъа Аркининг биринчи қурилиш даврини қазиш пайтида жуда кўплаб ноёб осори-атиқалар қўлга киритилди, - дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Наврўз Алимов. - Шулардан бири лойдан ясалган булла, яъни ҳукмдор ёки амалдор муҳрининг лойдаги нусхасидир. Қофирқалъадан топилган буллаларда одамлар тасвири, ҳайвонлар ва қушлар тасвири, тамға ёки ҳар хил геометрик тасвирлар туширилган. Одам боши тасвирланган буллаларда ёзув битилган бўлиб, тасвир анчайин аниқ ифодаланган. Ушбу буллаларни таҳлил қилган олимларнинг фикрича, бу тасвирларда ҳукмдор, вазир ва йирик амалдорларнинг қиёфаси акс эттирилган.
VII-VIII асрларда Самарқанд Суғдида яшаган аждодларимиз дунёнинг турли томонларидаги ҳукмдорлар билан элчилик, сиёсий, маданий ва иқтисодий алоқалар олиб борган. Покистондаги Пешовар шаҳрида ўтказилган археологик қазишмалар жараёнида бир ноёб булла топилган эди. Француз археологлари ушбу булла айнан Самарқанддан, Кофирқалъадан жўнатилган, деган хулосага келган.
Кофирқалъадан топилган ёғоч панно – Суғд санъатининг ноёб намунаси ҳисобланади. Панно иккита кенг ва қалин тахтани темир михлар билан ўзаро бирлаштиришдан ҳосил бўлган. Паннонинг сиртида ҳар хил либосларда, қўлларига турли хил асбоблар, буюмлар ва совға-саломлар ушлаб олган юзлаб одамларнинг шакллари ўйиб ишланган. Ушбу композициянинг асосий сюжети – маъбудага сиғиниш, совға-саломлар эҳсон қилиш саҳнасидан иборатдир. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Кофирқалъа арки VIII асрнинг бошларида ёқиб юборилган. Шу тариқа жуда бой ва ранг-баранг деворий суратлар, ёғоч ўймакорлиги билан безатилган сарой, дунёнинг турли томонларидан олиб келинган ноёб ҳужжатлар, ёзишмалар йўқолган. Кофирқалъа VIII асрнинг бошларигача Самарқанд ҳукмдорларининг шунчаки оддий қароргоҳи бўлмай, балки бу ерда алоҳида умумдавлат аҳамиятига молик тантаналар, маросимлар, байрамлар ҳамда қабуллар ўтказиладиган муҳим маскан бўлган.
Яқинда юртимизга келган Италия президенти Самарқандда ҳам бўлди, - дейди Н.Алимов. - Ушбу ташриф давомида Регистонда кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада Кофирқалъадан топилган ноёб тарихий буюмлар ҳам ўрин олди. Булар мартабали меҳмоннинг эътиборини тортиб, Италия ва Ўзбекистон археологлари олиб бораётган қазишма ишларини қўллаб-қувватлашини ва келажакда, албатта, ушбу қадимий аркка бориш мақсади борлигини билдирди. Бугун кўпчилик хорижликларнинг ҳам эътиборини тортаётган ушбу ёдгорликни алоҳида сақлаш, уни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш ва шу орқали илк ўрта асрлардаги Самарқанд ҳукмдорлари саройининг асл ҳолатини сайёҳларга намойиш қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим. Қадимий шаҳарнинг шаҳристон қисмида ҳам япониялик археологлар билан қазишма ишлар олиб борилди. Аммо ушбу қазишмаларни қишнинг ёғин-сочинли кунларида ҳимоялаш учун қазилган ҳудудлардаги тарихий топилмаларнинг устини ёпиш, ҳеч бўлмаганда вақтинчалик айвонлар қурилиши лозим. Акс ҳолда қазилган ҳудудлардаги очиқ қолган жойларда минг йиллардан буён сақланган қадимий деворлар ва тарихий ашёлар асл ҳолатини ва тарихий аҳамиятини йўқотиши мумкин.
Сулаймон Мардиев,
Бахтиёр Мустанов (фото).