Комил Рашидов: Тинчлик кенгаши Ўзбекистон тинчликпарвар дипломатиясининг узвий давоми

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат масалалари қўмитаси раҳбари, юридик фанлари доктори, профессор Комил Рашидов «Дунё» ахборот агентлиги учун янги, кўп томонлама тузилма – Тинчлик кенгашини ишга туширишда Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида фикр билдирди: 

«Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 22 январь куни БМТ хавфсизлик кенгашининг резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тўхтатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида Давосда (Швецария) Ўзбекистон номидан Тинчлик кенгашининг эскалация хавфини камайтириш, Ғазо секторини иқтисодий ва ижтимоий тиклаш учун қулай муҳитни яратишга қаратилган низомни имзолади. 

Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бу йўлда тинчлик ташаббуслари ва кўп томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташқи сиёсий қарашларига мос келади. Ушбу муҳим йўлда Ўзбекистон кўп векторли ва прагматизмга амал қилади, ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ва кўп қиррали муносабатларни, қўшни давлатлар билан минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни ҳар томонлама мустаҳкамлайди ва ривожлантиради. 

Ўзбекистон Конституцияси, қонун, концепциялари ва доктриналарида ташқи сиёсатнинг Конституцион-ҳуқуқий ташқи сиёсати ва тинчлипарвар ташқи сиёсати белгилаб берилган бўлиб, бу нормалар Ўзбекистоннинг Тинчлик Кенгаши ташкил этишда иштироки ва унинг Уставини имзолашга тўла ҳуқуқ беради. 

Устав ҳужжатига қўл қўйиш орқали Ўзбекистон унинг таъсисчи-давлатларидан бирига айланди. Ўзбекистон парламенти томонидан Тинчлик кенгаши Устави ратификация қилиниши бўйича қонун қабул қилингандан сўнг мамлакатимиз изчил тарзда кенгаш иши ҳамда таъсисчи давлатлар ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда мандатнинг амалий ҳаракатларига ўз ҳиссасини қўшади. 

Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгаши каби халқаро тузилмалар ташкил этишдаги иштироки унинг тинчликпарварлик йўлидаги илк ташаббуси эмас. Масалан, Ўзбекистон ШХТ, ФХХ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тўлақонли таъсисчи давлати, шунингдек, Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни ташкил этиш, Марказий Осиёнинг минтақавий ва халқаро ривожланиши учун муҳим бўлган БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларини қабул қилиш каби вазифаларни амалга оширган. 

Дарҳақиқат, 2016 йилдан кейин барча халқаро майдонларда Ўзбекистоннинг ташаббуслари янграб, амалиётга жорий этилмоқда, бу – ўзаро қуллаб-қувватлаш, ҳамкорлик, тинчлик ва тотувлик асосида мамлакатимиз ҳамкорлигининг икки ва кўп томонлама форматларини ривожлантириш тамойилига мос келади. 

БМТнинг устав ва дастурий ҳужжатлари тинчлик, адолат, тараққиёт йўлидаги шериклик сифатида акс эттирувчи Давосда ташкил этилган Тинчлик кенгаши барча халқларнинг тинч-тотув яшаши тамойилини амалга оширишига кўмаклашадиган яна бир муҳим халқаро майдон бўлишига ишонаман».