Компьютер ўйинларини кўп ўйнаш бола ривожланишини кечиктирадими?

Аввало, бугунги технология асрида болани компютердан қайтаришнинг ўзи бир қолоқликнинг кўриниши, ҳатто копмьютер ўйинлари масаласида ҳам. Чунки бугунги кунда бола дунёқарашини ривожлантирадиган ўйинлар сони соат сайин кўпаймоқда. Аммо ҳар қандай фойдали нарсанинг меъёрдан ошиши зараркелтириши бор гап. Мақолада шу ҳақда сўз юритилади.

Кейинги йилларда юртимизда ҳам "компьютерга қарамлик", деган ибора ишлатила бошлади. Хитой, АҚШ ва Европанинг баъзи мамлакатларида 2015 йилги воқеадан кейин бу қарамликка жиддий қараб, уни касаллик сифатида даволаш йўлга қўйилган. Ўшанда бир мактаб ўқувчиси компьютер ўйинига муккасидан кетганлиги сабабли вафот этганди.

Бугун оддий қўл телефони ҳам компьютерлар ўрнини босади. Тартиб ва меъёрга амал қилинмаса, улар компьютерданда зарарли бўлиши мумкин. Афсус, баъзи ота-оналар буни тушунмайди ва фарзандини ўз қўли билан “қарамлик” сари етаклайди.

Айтиш жоизки, компьютер ўйинлари болани ривожлантирмайди. Америка педиатрия уюшмасининг таъкидлашича, компьютер ўйинлари ва мобиль гаджетлар бу жараённи аксинча, секинлаштиради. Болани мулоқот, суҳбат, қўли билан ушлаш, ҳис этиш, эшитиш, кўриш каби туйғулар ривожлантиради. Бу даврда у кўпроқ вақтини виртуал эмас, балки моддий ҳаётни ўрганиш, тенгқурлари билан ўйнаш билан ўтказиши керак.

Шунингдек тадқиқотлар 10-12 ёшгача бўлган болаларнинг компьютерда ҳаддан ташқари кўп ўтириши уларда асаб бузулишига олиб келишини кўрсатмоқда. Бу унинг ортиқча чарчаши, боши оғриши, уйқусининг бузилиши, кайфиятининг тушиши ёки ўта пассивлиги, хаёли паришонлиги каби белгилар орқали намоён бўлади. Оқибатда улар жамиятга мослаша олмайди, оддий мулоқот ҳам улар учун мураккаб ишдек туюлади.

Албатта, бугунги замонда болани мобиль гаджед ёки компьютердан бутунлай айириб қўйишнинг имкони йўқ. Айни воситалар кундалик ҳаётимиз, ўқиш, иш, турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шундай экан, ундан тўғри фойдаланишимиз ва фарзандларимизга ҳам шуни ўргатишимиз зарур. Виртуал оламнинг болага салбий таъсирини минималлаштириш учун эса қуйидаги маслаҳатларга амал қилиш керак:

Аввало, бола мактабга чиқмагунича компьютердан фойдаланмаслиги, хонадонингизда компьютер бўлса, унда ўйин сақламаслик лозим. Албатта, тил ўргатувчи ёки билим берувчи ўйинлар бундан мустасно. Уларо аксинча, бола зеҳнини ривожлантиради. Мактаб ёшида ҳам боланинг компьютердан фойдаланиш вақти чегараланган бўлиши лозим.

Тегишли қурилмалар Интернет тармоғига уланган бўлса, айрим сайтларга блокатор ўрнатиш ёдингиздан чиқмасин. Интернетда боланинг дунёқариши бузадиган минглаб сайтлар мавжуд ва у мазкур сайтларга ўзи билмаган ҳолда кириб қолиши мумкин. Ва энг асосийси, ўзингиз компьютер ўйинларини ўйнаб, турли сайтларга кириб, салбий намуна кўрсатманг. Аксинча, бола билан бирга фойдали сайт ва дастурларда ишланг, унинг ижобий жиҳатларини кўрсатинг.

Азиза РАҲМОНОВА,

Самарқанд шаҳар болалар шифохонаси шифокори, олий тоифали физиотерапевт.