Компьютердан фойдаланаётганингизда Ал-Хоразмийни эслаб қўйинг
ХХI асрда илм-фан, техника, тиббиёт, астрономия, аэродинамика каби кўплаб соҳалар жадал ривожланмоқда. Бугун компьютер, телевизор, телефон (смартфон) каби замонавий техникалардан кенг кўламда фойдаланиш имкониятига эгамиз. Илмий тадқиқотлар, янги технологиялар, тиббиёт соҳасидаги, коинотни ўрганиш каби турли йўналишлардаги ҳозирги даврдаги кашфиётлар биринчи навбатда, Ғарб ва Шарқий Осиё мамлакатлари (Япония, Жанубий Корея, Хитой) томонидан амалга оширилаётганига кўникиб ҳам қолдик.
Бугун биз юқорида келтирилган илм-фан тараққиёти асосчилари бўлган ислом олимлари тўғрисида тўхталиб ўтамиз. Зеро уларнинг дунё тамаддуни олдидаги хизматлари беқиёс.
Ал-Хоразмий (783 – 850)
Ал-Хоразмий муболағасиз алгебра фанининг асосчиси деб юритилади. Айнан у илк маротаба ноль (0) рақамини ишлатган. Буюк аждодимиз алгоритмлар назариясини ишлаб чиққан. Биз ҳар куни турли амалларни бажарадиган компьютер ва смартфонлар айнан Ал-Хоразмий ишлаб чиққан алгоритмлар назарияси тамойиллари асосида ишлайди. “Алгебра” (Ал жабр) ва “Алгоритм” атамалари ҳам Ал-Хоразмий номи билан бевосита боғлиқ. “Алгоритм” атамаси, дастлаб лотинча “Dixit Algorizmi” маъносида келтирилган. Кейинчалик “Dixit” муомаладан чиқиб кетган ва “Algorizmi” иборасининг ўзи қолган. Вақт ўтиши билан “Algorizmi” ибораси “Алгоритм” атамасига айланган.
Ал-Хоразмий тадқиқотлари араб тилидан лотин тилига, сўнг Европанинг бошқа тилларига таржима қилинган ва илм-фан ривожи йўлида кенг қўлланилган.
Ибн Фернанас
Илк бора осмонга парвоз қилган инсон, андалусиялик (Испания) Ибн Фирнанас бўлган. У 880 йилда учар ускуна ихтиро қилган. Ибн Фернанас ускунаси қаттиқ мато ва қушларнинг патидан ясалган бўлиб, унинг ёрдамида инсоният тарихида илк бор кўкка парвоз амалга оширилган. Маълум вақт давом этган парвоздан сўнг Фернанас ерга қайтиб қўнган.
Ал-Фарғоний (798 – 861)
Яна бир буюк аждодимиз Ал-Фарғоний биринчи бўлиб Ернинг шакли юмалоқ эканлигини, йилда энг узун ва энг калта кунлар борлигини ва улар 22 июнь ва 23 декабрга тўғри келишини математик тадқиқотлари асосида исботлаб берди. Шунингдек, у қуёшнинг юзида қора доғлар борлигини аниқлаган ва 832 йилда қуёш тутилишини аниқ (илмий) башорат қила олган. Қомусий олим Ал-Фарғоний томонидан ёзиб қолдирилган илмий ишлар, инсоният томонидан 700 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида илмий қўлланма сифатида фойдаланиб келинган.
Ал-Форобий (873 – 950)
Юнон фалсафасини чуқур билгани, унга шарҳлар битганлиги ва жаҳонга тарғиб қилгани ҳамда замонасининг етук олими бўлиб, фанлар ривожига ўлкан ҳисса қўшгани учун Ал-Форобий “Муаллим ас-соний” (“Иккинчи муаллим”, Аристотелдан кейин), “Шарқ Аристотели” номларига сазовор бўлган. Ўзбекистон заминида дунёга келган буюк қомусий олим, илк ўрта асрда, Шарқ уйғониши даврида ижод қилди.
Форобий асарлари арабчадан Европа тилларига таржима қилиниб, Аристотел таълимотини дунё олимлари учун кенг кўламда очиб берди. Европа ўрта аср даврида йўқ қилинган, қадимий юнонда битилган асарлар Форобийнинг битиклари туфайли Европа ўйғониш даврида қайта тикланди ва ўрганилди.
Ака-ука Муҳаммад Аҳмад ва ал-Ҳасан ибн Мусолар (IX аср)
Улар араб халифалигининг етук олимлари бўлишган. Улар геометрия, астрономия ва механика соҳасларида изланишлар олиб борганлар. Уларнинг ихитролари орасида фаввора, механик соат ва ичимлик қуйишга мўлжалланган ускуналар мавжуд. Ака-укалар, чой узатишга мослаштирилган дастлабки робот-автоматни ихтиро қилишган. Уларнинг ихтиролари асосида овозни тасмага ёзиб олиш асослари яратилган. Оға-инилар кашф этган ускуналар ўрта аср муҳандислигининг энг юқори чўққиси ҳисобланади.
Аз-Захрави (Альбукасис, 936 – 1013)
Ўрта асрнинг етук жарроҳи. У тиббиёт соҳасига ҳисса қўшган. Аз-Захрави тиббиётга кўз катарактасини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш амалиётини киритган. Катаракта атамаси ҳам айнан Аз-Захравига тегишли. Шу билан бирга, Захрави 150 дан ортиқ жарроҳлик ускуналарининг муаллифи ҳисобланади. У ёзган илмий асарлар Европа давлатлари жарроҳлари томонидан беш асрдан ортиқ вақт давомида асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.
Абу Райҳон Беруний (973 – 1048)
Тарих, география, филология, астрономия, математика, механика, геодезия, минерология, фармокология, геология ва бошқа соҳаларда кенг кўламда изланишлар олиб борган қомусий олим.
Беруний ўзи кашф қилган қийматлар бўйича ўзига хос усул билан Ер курраси радиусининг узунлиги 12803337.036 газ (6315.886 километр)га тенг эканлигини ҳисоблаб чиққан. Келтирилган рақамлар замонавий технологиялар асосида олинган қийматдан жуда кам фарқ қилади, яъни хатолик радиус узунлигининг 0,9 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, Беруний 320001 гага тенг кенгликдаги (Покистоннинг Нандна қўрғони кенглиги) бир градус меридиан ёйнинг узунлиги 223550.329 газ ёки 110.277 километр эканини ҳисоблаб чиқади.
Келтирилган ушбу рақамни ҳам замонавий технологиялар билан аниқланган бир ёйнинг қиймати 110.885 километр эканлиги билан таққосланганда, бундан минг йил илгари Беруний бир градус ёй узунлигини ҳисоблашда атиги 618 метр хатоликка йўл қўйгани маълум бўлади.
Буюк аждодимиз томонидан ишлаб чиқилган Ер курраси майдонини ҳисоблаш назарияси Европа давлатларида “Беруний қонуни” деб аталади.
Ибн ал-Хайсам (965 – 1039)
Оптика асосчиси. У шишадан икки томонлама бўртиб чиққан линза ясади ва кекса инсонларга китоб ўқиётган вақтда ушбу линзадан фойдаланишни тавсия қилди. Бу кўзойнакнинг биринчи намунаси эди. У томонидан ёзилган “Китаб ал-Маназир” (“Оптика тўғрисида рисола”) китоби Европа ва Шарқ мамлакатлари учун оптика соҳасида 600 йил давомида асосий қўлланма вазифасини бажарди.
Абу Али Ибн Сино (Авиценна) (980 – 1037)
Ўрта аср Шарқининг энг йирик қомусий олимларидан бири. Қадимий табобат илмида мисли кўрилмаган ютуққа эришган ва медицина ривожига Ибн Синочалик ҳисса қўшган олим бўлмаса керак. Ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” (“Китаб ал-Қонун фи-т-тиб”) китобида илк марта касалликларни кўзга кўринмас организмлар келтириб чиқариши ҳақида баён этган.
“Медицина” атамаси Ибн Сино номи билан боғлиқ, яъни “Мадади Сино” (Синодан мадад) иборасидан олинган.
Орадан 500 йил ўтиб, унинг илмий ишларини Леонардо да Винчи каби Европанинг буюк олимлари ўрганган ва амалда қўллаган. “Тиб қонунлари” асаридан Брюссел университетида 1909 йилгача фойдаланилган.
Мирзо Улуғбек (1394 – 1499)
Буюк астроном ва математик, ўз даврининг атоқли алломаси, Мовароуннаҳр ҳукмдори ва Амир Темур набираси. Ўрта аср даврининг энг етук астроном олими. Улуғбек Самарқандда ўз даврининг энг замонавий расадхонасини қурдирган. Буюк астроном Улуғбек раҳбарлиги ва иштирокида “Зижи Кўрагоний”, “Улуғбекнинг юлдузлар жадвали” асарлари ёзилган. Самарқанд расадхонасида 1018 та юлдузлар жойлашуви ақлбовар қилмас аниқликда белгиланган. Улуғбек 1437 йилда астрономик йил узунлигини аниқлайди: 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сония. Замонавий технологиялар астрономнинг +58 сонияга адашганини кўрсатди.
Улуғбек раҳбарлигида ёзилган илмий асарлар узоқ йиллар давомида Европа обсерваторияларида қўлланма вазифасини бажариб келган. У тузган жадваллар ўта аниқликда ёзилган бўлиб, ҳозирги кунда ҳам замонавий технологиялар ёрдамида олинган маълумотлардан атиги бир неча сония фарқ қилади.
Аббос Васим Эфенди (1689 – 1760)
Туркиялик астроном, шифокор ва шоир. У биринчи бўлиб сил хасталиги микробини аниқлаган.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.