Кўп қаватли уйга шикаст етказган фуқаро жавобгарликка тортилди

Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасида белгиланган меъёрий талаблар ижросини таъминлаш, кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари давом эттмоқда.

Навбатдаги назорат тадбирлари давомида Самарқанд шаҳри Тараққиёт кўчаси 11-сонли кўп квартирали турар жой биносида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, ушбу бинонинг 27-хонадонида лойиҳа ҳужжатларига зид равишда таянч конструкция ўзбошимчалик билан бузилгани маълум бўлди. Шунингдек, уйнинг 2-кириш йўлаги 4-қаватида умумий фойдаланишдаги ҳудудни ноқонуний эгаллаган ҳолда сув сақловчи махсус қурилма ўрнатилган.

Таъкидлаш жоизки, кўп квартирали уй-жойларда таянч ва тўсувчи конструкцияларни ўзбошимчалик билан бузиш, шунингдек, умумий фойдаланишдаги жойларни ноқонуний эгаллаш амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мутлақо зид ҳисобланади. Бу каби ҳолатлар бинонинг сейсмик мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиб, аҳолининг ҳаёти ва мол-мулки учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ҳамда фуқарога бузилган конструкцияларни ўз ихтиёри билан 15 кунда аввалги ҳолатига қайтариш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Белгиланган муддатда мажбурий кўрсатма талаблари бажарилмаган тақдирда, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун суд органларига тақдим этилади.

Вилоят уй-жой коммунал назорат инспекцияси ахборот хизмати.