"Le Figaro" нашрида Самарқанд ҳақида мақола эълон қилинди

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле Франциянинг нуфузли “Le Figaro” газетасига берган интервьюсида Самарқандга сафаридан нақадар таъсирлангани ҳақида сўзлаб берди.

Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ўзининг Facebookдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

21 декабрь куни Франциянинг энг йирик "Le Figaro" газетаси ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле билан интервьюсини чоп этди. Унда Азуле хоним ўзининг хорижий сафарларига оид хотиралари билан бўлишган. Интервью ҳам босма нашрда, ҳам электрон тарзда тақдим этилган.

ЮНЕСКО раҳбари ўзида мисли кўрилмаган ва бетакрор таассуротлар қолдирган меъморий ёдгорликлар, тарихий-маданий анъаналар ва амалиётлар ҳақида сўзлар экан, Ўзбекистонни алоҳида эътироф этган.

Азуле хоним унда энг ўчмас из қолдирган обида ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: "Мен Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Амир Темур дафн этилган Амир Темур мақбараси ҳамда Регистон майдонидан жуда катта таассурот олганман. Нафақат ёдгорликнинг ниҳоятда гўзаллиги боис, балки у ерда бир неча қабр мавжудлиги учун ҳамдир. Унинг ҳукмронлиги даврида Марказий Осиёдаги империяси бошқаруви йилларида Темурнинг севимли набираси илтимосига кўра қурилган мақбара ҳам шулар жумласидандир. Унинг яна бир астроном набираси томонидан қурилган расадхона ҳам ўша ерда жойлашган. Биз уни деярли ўрганмаймиз. Бу эса ушбу империя тарихи хотирамиздан бироз кўтарилганидан далолат беради.

Бироқ шеърият, шунингдек, жаҳон тарихи бағоятда самимийлик билан боғланган ушбу ёдгорлик ва тоза муҳитда бутун илмий ютуқлар ва янгиликлардан сақланиб қолди.

Маълумот ўрнида: "Le Figaro" - кундалик нашр этиладиган миллий француз газетаси (1826 йилда ташкил этилган). Адади 313 минг нусхада чоп этилади. “Le Figaro”нинг электрон версияси қарийб 23,5 миллион кузатувчи билан энг кўп кўрилган 30 та сайт орасида етакчи ҳисобланади.

2011 йилда мазкур нашр "Мобил алоқадаги энг яхши медиа" унвонига сазовор бўлган.