Журналистлардан олимлар чиқяпти
Кеча Самарқанд давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи кенгашда вилоят телерадиокомпанияси директори Мирзо Ихтиёров ижтимоий фалсафа ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган “Давлат бошқарувида телеканаллардаги соғлом рақобатни ривожлантиришнинг ижтимоий фалсафий масалалари” мавзусидаги диссертациясини ҳимоя қилди.
Кенгаш йиғилишида М.Ихтиёровнинг ҳамкасб ва устозлари, дўст ва яқинлари қаторида биз ҳам иштирок этдик.
Бу яқин орада диссертация ҳимояларида, тағин денг, журналистнинг диссертация ҳимоясида қатнашмаган эдик. Диссертантнинг ҳаяжонини тушунса бўлади, лекин, тўғриси, бизда ҳам шундай ҳис бор эди. Сабаби, Самарқандда яқин йилларда журналистларнинг илмий иш қилиб, номзодлик ёки докторлик даражасини олгани ҳақида эшитмагандик, бунга гувоҳ бўлмагандик. Олимлар ишни қандай қабул қиларкин, муносабат қанақа бўлади, деган ўй йўқ эмасди.
Гарчи авваллари журналистларнинг, жумладан, “Зарафшон” газетасида ишлаган Нуриддин Шукуров, Абдурашид Абдураҳмонов, Исроил Мирзаев, Бекмурод Йўлдошев, Нуриддин Бегалиев, Жўлибой Элтазаров, Акбар Нурматов ва яна бошқа ижодкорларнинг илмий иш қилгани, кейинчалик фаолиятини олий ўқув юртларида давом эттиргани ҳақида кўп эшитган бўлсак ҳам кейинги йилларда бу анъана деярли унутилганди.
Шу кунларда ҳам Тошкентда устозларимиз, ҳамкасбларимизнинг журналистик фаолияти билан бирга илмий иш қилиб, олий ўқув юртлари талабаларига сабоқ бераётгани ҳақида эшитардик. Айниқса, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгач, оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ҳамкасбларимизда назария ва амалиётни биргаликда олиб боришга кенг имконият яратилди.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида журналистика бўйича, Самарқанд давлат университетида эса ноширлик бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгач, бизда ҳам бу борада жонланиш кузатилди. Ҳозир бир қатор устозларимиз, ҳамкасбларимиз бу йўналишларда ўқиётган талабаларга сабоқ беряпти, талабалар таҳриятларда амалиёт ўтамоқда.
Мирзо Ихтиёровнинг илмий иши ҳам Самарқанд давлат чет тиллар институтида, фалсафа фанлари доктори, профессор Отабек Ғайбуллаев раҳбарлигида бажарилди.
Мирзони талабалигидан танийман, ҳаракатчан, босиқ, олдига қўйган мақсади сари интилишдан тўхтамайдиган йигит. Ўқишни битиргач, 2004 йилда Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясига ишга кирганди. Ўша пайтда компаниядаги энг ёш, шу билан бирга умидли журналистлардан бири эди.
Кеча, ўша пайтдаги вилоят телерадиокомпаниясининг раҳбари Амрилло Аҳмедов қайд этганидек, гарчи филология факультетини битириб келган бўлса-да, қисқа вақтда телевидение ишини пухта ўзлаштириб, жамоа орасида ўз ўрнини топганди.
Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси магистратурасида ўқиб келгач, Мирзонинг илми ҳам, дунёқараши ҳам ўзгарди, раҳбарликни ўрганди. Мана, беш йилдирки, бир пайтлар ёш мухбир сифатида иш бошлаган йигит Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясини муваффақиятли бошқариб келяпти.
– Академияда ўқиб юрган пайтимда, айниқса, хорижий давлатларга амалиётга бориб, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан танишгач, бу ҳақда ҳисоботлар тайёрлагач, келгусида албатта шу йўналишда илмий иш қиламан, деган истак пайдо бўлганди, – деди Мирзо Ихтиёров ҳимоя чоғида. – Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари эса бу орзуларим амалга ошишига ёрдам беришди, менга ишонч билдириб қўллаб-қувватлашди.
Мирзо Рустамовичнинг илмий иши мавзусининг ўзи унинг мазмунини ифодалаб турибди. Оммавий ахборот воситаларининг давлат бошқарувидаги аҳамияти, бу борада телеканаллар ўртасидаги рақобатни ҳам у яхши билади, бу жараён ичида юрибди. Соҳадаги ютуқларни ҳам, муаммо ва камчиликларни ҳам бошидан ўтказиб келяпти. Илмий кенгашда таъкидланганидек, иш фақат китоблар ёки бошқа тадқиқотларга қараб, кабинетда эмас, реал ҳаётда, назария ва амалиёт уйғунлигида тайёрланган. Шунинг учун диссертант мавзуни аниқ қилиб баён этди, Жўрабой Яхшиликов, Бахтиёр Тўраев сингари гаплашганда кишини "сусти босадиган" профессорларнинг саволларига жавоб беришда, ҳаяжон сезилган бўлса-да, қийналиб қолмади. Якунда эса илмий кенгаш аъзоларининг барчаси диссертация муваффақиятли ҳимоя қилингани тасдиқлади.
– Ҳар бир соҳадаги ишнинг самарадорлиги ёки камчилигини шу соҳа ичида юрган кишиларчалик ҳеч ким билмайди, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. – Жумладан, журналистикада ҳам. Лекин барча ташкилот, тузилмаларда ҳам буни таҳлил қилиб, мониторинг қилиб борадиган гуруҳ ёки ходимлар йўқ, бор бўлса ҳам уларнинг иши деярли сезилмайди. Шу жиҳатдан Мирзо Ихтиёровнинг илмий иши журналистиканинг, телевидение журналистикасининг бугуни ва эртаси учун муҳим тадқиқот бўлибди. Бундай ишни ҳар бир оммавий ахборот воситаси, таҳририят фаолияти мисолида қилиш мумкин ва бундан бутун жамият манфаатдор бўлади.
Ҳимоя якунлангач, илмий кенгаш раиси, профессор Шаҳзода Негматова бошқа журналистларни ҳам руҳлантириб, илмий иш қилишга, тадқиқотлар олиб боришга даъват этди.
– Бугун илмнинг, олимларнинг давлат томонидан қанчалик қўллаб-қувватланаётгани, кенг имкониятлар яратилаётганини кўриб турибсизлар, – деди Ш.Негматова. – Бу имкониятлардан фойдаланиш керак. Айниқса, сиз, журналистларнинг қўлингизда жуда кўп манба бор, ҳар доим одамлар орасида, қайноқ ҳаёт жабҳасидасиз. Фақат ўша кўрган-кечирганларингиз, тажрибаларингизни илмий жиҳатдан тадқиқ қилиш, ўрганиш, таққослаш керак. Бу борада илмий жиҳатдан ёрдам беришга биз доим тайёрмиз.
Хуллас, Мирзо укамизнинг диссертация ҳимояси баҳона кўп янгиликдан бохабар бўлдик, билмаган жиҳатларимизни ўргандик. Айрим устоз ва ҳамкасбларимиз эса “биз ҳам тезроқ ҳимоя қилиб олайлик” деб ният қилишди. Демак, журналистлар орасида ҳам олимликка интилаётганлар, илм қилаётганлар кўпаяётган экан, кейинги ҳимояларда кўришгунча, деймиз.
Ғолиб Ҳасанов.