Лотин ёзувига асосланган алифбога тўлиқ ўтилиши учун аниқ муддат берилган

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Йўл харитаси” тасдиқланган. Қарорнинг 21-бандида 2023 йил 1 январдан “Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш” белгиланган.

Вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ҳукумат қарорининг ижроси ўрганилганда бир неча бор огоҳлантиришлар ва амалий ёрдамлар кўрсатилишига қарамасдан идора ва ташкилотларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритилиши ҳамон тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги аниқланди. Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази (70 фоиз), вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кўп квартирали уйларни жорий таъмирлаш давлат муассасаси инжиниринг компанияси (73 фоиз), вилоят қон қуйиш маркази (73 фоиз), шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази вилоят ҳудудий бошқармаси (74 фоиз), Самарқанд катталар стоматологияси поликлиникаси (75 фоиз), вилоят бозорлар ва савдо ташкилотлар уюшмаси (76 фоиз), вилоят солиқ бошқармаси (77 фоиз), ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (78 фоиз), “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (78 фоиз), экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси (78 фоиз), қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси (79 фоиз)да янги алифбодан фойдаланиш кўрсаткичи пастлигича қолмоқда.

 “Мароқанд нефть базаси” АЖ (54 фоиз) ва вилоят электр тармоқлари корхонаси (61 фоиз)да эса аҳвол бундан ҳам ёмон.

Шу ўринда яна бир гап. Вилоятдаги 30 та идора ва ташкилотда ходимларни ўзбек адабий тил меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш курсида малака ошириш чоралари кўрилмаган.  Балки шунинг учун идораларда қўлланилаётган атамаларнинг адабий тил меъёрларига мувофиқлиги ўрганилганда, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят минтақавий филиалининг регистрация бўлими ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология тиббиёт маркази Самарқанд филиали иш юритувида расмийлаштирилган далолатномаларда терминларнинг ўзбекча муқобили бўла туриб, русча муқобили қўлланилиб келинаётгани кузатилди.

Бундан ташқари, давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва меъёрларига, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги 339-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”га қатъий амал қилиниши ҳолатлари ўрганилганда ҳам бу борада қонун бузилиши ҳолатлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, расмий иш юритишга оид тайёр варақалар, дориларни ҳисобга олиш журнали шифокор кўрсатмалари варағи лотин алифбосида тайёрланган бўлса-да, марказ ходимлари томонидан кирилл алифбосида ва рус тилида тўлдирилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Самарқанд филиали, Самарқанд ОИТС маркази, вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси каби 40 дан ортиқ идора ва ташкилотларнинг иш юритишга оид ҳужжатлари, улардаги раҳбарнинг муносабат белгиси (устхат), молиявий қайдномалар, кадрларга оид ҳужжатлар, далолатномалар ва бошқа ҳужжатларда ҳануз кирилл алифбосидан фойдаланилиб келинмоқда. Ваҳоланки, бундай ҳолат Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига зид ҳисобланади.

Ўрганилган барча идора ва ташкилотларнинг статистика ва молиявий ҳужжатлари расмийлаштирилишида давлат тили билан бошқа тиллар, лотин ва кирилл алифбоси аралаштириб қўлланилмоқда.

Вилоятдаги давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим муассасаларида иш ҳужжатларининг юритилиши, давлат тили ҳақидаги қонунчиликнинг аниқ ва бир хилда амал қилинишига қаратилган назорат тадбирлари доимий ўтказиб келинаётган бўлса-да, ҳануз қонун бузилиши ҳолатлари кузатилиб, давлат тилига бўлган муносабат салбийлигича қолмоқда.

Мисол учун, Тойлоқ тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида 28 та чиқувчи хат, 2 та фуқаро мурожатига жавоб хати, 31 та деҳқон хўжаликлари билан тузилган шартнома ҳамда барча далолатномалар кирилл алифбосида имловий хатоликлар билан расмийлаштирилган ва ижрога қаратилган. 5 нафар ходимдан бирортаси давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази вилоят ҳудудий бўлинмасида малака оширмаган.

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Иштихон тумани филиалида ҳолат бундан-да ёмон. Корхона ходимлари лотин алифбосида иш юритишни умуман билмайди. Қўшработ тумани газ таъминоти бўлимида тарғибот воситалари панно ва баннерлар ҳануз лотин алифбосига ўзгартирилмаган. Иш юритиш ҳужжатлари лотин ва кирилл алифбосида аралаш ҳолда, имло хатолар билан юритилмоқда.

Шерали ТЕМИРОВ, вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.