Алифбо мукаммал бўлади(ми?)  

Бугунги кунда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш борасида қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Кимдир мавжуд алифбони ўз ҳолича қолдириш тарафдори бўлса, кимдир яна кирилл ёзувига қайтишни таклиф этмоқда. Яна кимдир тўртта ҳарфни ўзгартирмоқчи ёки бирваракайига алифбони тўлиқ ислоҳ қилмоқчи.

Кимдир ц ни киритмоқчи, кимдир нг ни чиқариб ташламоқчи, яна кимдир х билан ҳ ни битта қилмоқчи. Хуллас, баъзи зиёлиларимиз алифбомизни гўё пластилину, уни исталган вақтда исталган шаклга киритиш мумкин, деб ўйлашмоқда. Шубҳасиз, фикр билдириш эркинлигини ҳеч ким чеклаб қўйган эмас. Аммо ҳар бир жабҳада мулоҳаза юритганда, аввало, соғлом фикрлаш лозим деб ўйлайман.

Менимча, энг аввало, араб графикасига асосланган қадимий ёзувимизни йўқотишимизнинг ўзи миллатимиз учун буюк бир фожиа бўлган. Шундан кейинги ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг бариси худди биринчи галда бўлганидек, сиёсий иқлимнинг ўзгаришига мослаштира борилган тадбирдан бошқа нарса эмас. Хўп, майли келинг, ўтган ишларга саловат дейлик.

Шу маънода, бугунги ислоҳот нега керак бўлиб қолди, деган савол орага тушади. Тўғри, алифбомиз мукаммал эмас. Бироқ дунёдаги қайси ёзувни мукаммал деб ўйлайсиз? Хитой ёки япон иероглифларини ёзиш осонмикан? Ҳар ҳолда sh билан ch ни ёзишдан осон бўлмаса керак. Ёки бўлмаса инглиз тилида имло билан талаффуз умуман мос келмайди. Шу сабабли инглизлар алифболарини ислоҳ қилишни нега хаёлларига келтиришмаяпти экан? Немис ёзувида айрим товушлар, масалан ч, тўртта ҳарф (tcsh) билан ифодаланади. Улар эринмасдан, ш ни, х ни ҳам учта ёки иккита ҳарф билан ифодалайдилар. Бу ҳолат немис халқининг саводхонлигига ёки тежамкорлигига салбий таъсир қилмаяпти, шекилли, ёзувларини ислоҳ қилишмаяпти. Булар масаланинг бир томони. Энди унинг иккинчи томонини ҳам олиб кўрайлик.

Алифбо ислоҳ қилинса, миллионлаб паспортлар, гувоҳномалар, шаҳодатномалар, китоблар, баннерлар, рекламалар, стендлар, пешлавҳалар алмаштирилади. Миллиардлаб пул банкнотлари, кўргазма воситалар, тест тўпламлари, иш қоғозлари... қўйингки, оламжаҳон ҳужжат ва битикларни янгилашга тўғри келади. Буларнинг харажатини ким кўтаради?! Албатта, “ислоҳот” оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетадиган сўз. Аммо унинг ортида нима турганини ҳам ўйлаб кўриш керак, чамамда.

Кошкийди, бунинг устига, ислоҳотчиларнинг иддаолари бирор бир илмий ёки жиддий исботга таянса эди. Уларнинг бари гаплари осонгина инкор қилиш мумкин бўлган енгил далиллар, холос. Бу фикримизни ОАВларда чиқиш қилаётган тилшунос ва адабиётшунослар: Бахтиёр Менглиев, Қозоқбой Йўлдошев, Элдор Асанов сингари зукко олимларимиз ҳам таъкидлаб туришибди.

Мен 25 йилдан буён ёшларга янги алифбо асосида таҳсил бериб келмоқдаман. Шу пайтгача ўқувчилар билан алифбо хусусида бирор мушкуллик пайдо бўлганини эслай олмайман. Илгари кирилл ёзувида ишлаганимизда қ - к, х - ҳ, й - е, ё - йо, ю - йу, я - йа нинг ёзилиши устида муаммолар бўлиб турар эди. Янги лотинча ёзувимизда ушбу англашилмовчиликларга чек қўйилди. Менимча, янги алифбомизнинг ютуғи тилимиздаги барча сўзларни аниқ ифодалаш учун ҳарф ва ҳарф бирикмаларининг мавжудлигидадир. Унинг бироз ноқулайлигига келсак, бу алифбомизни қайта ислоҳ қилишимиз учун жиддий асос бўла олмайди. Унинг барча камчиликларини босиб кетадиган битта жиҳати – ўзбекча сўзларни исталган компьютер ёки гаджетлардаги клавиатура билан бемалол ифодалаш мумкин. Бунинг учун унга ҳеч бир янги ҳарф киритишнинг ҳожати йўқ. Ёзувимизнинг жиндай мураккаблигига келсак, бу ҳолат фикрий танбаллигимизга бироз барҳам беради, деган мулоҳазам ҳам йўқ эмас.

Миллий ёзувимиз худди байроғимиз, гербимиз ёки тилимиз каби давлатимизнинг муқаддас рамзларидан биридир. У ҳар гал замона зайли билан янгиланадиган матоҳ эмас.

Р/S. Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Алифбомиз ислоҳ қилинган тақдирда ҳам, ҳозирги ёзувни бирдан йўқотиш жоиз эмас. “Шох”ли ва “дум”ли ҳарфларга босқичма-босқич аста-секин ўтилиши керак. Чунки алифбо ислоҳотининг юкини биринчи бўлиб тортиш ўқитувчиларнинг зиммасига тушади. Шундай экан, янги алифбо ислоҳотига доир қарор қабул қилинишида биз – амалиётчи педагогларнинг фикрларимиз ҳам инобатга олиниши керак.

Худойберди Комилов,

олий тоифали она тили ва адабиёт ўқитувчиси, фахрий педагог.