Лола Турсунқуловадан соғлом турмуш тарзининг етти қоидаси

Тўғри овқатланиш – кўпроқ табиий маҳсулотлар – мева ва сабзавот, витамин ва минералларга бой озиқ-овқатлардан истеъмол қилишга ҳаракат қилинг. Овқатланиш рационининг 65 фоизини мева ва сабзавотлар, нон ва турли бўтқалар ташкил этиши, 30 фоизи гўшт ва сут маҳсулотлари, 5 фоизи ширинлик ва ёғларга ажратилиши лозим. Озуқалар имкон қадар янги, мавсумга мос бўлиши лозим. Баҳор ва ёзда ўсимликлар, қишда оқсил ва ёғга бой маҳсулотларга кўпроқ ўрин ажратилиши лозим. Ҳар куни 2 литр атрофида сув ичинг.

Зарарли одатлар – танамизнинг асосий душманларидан бўлган тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, турли зарарли одатлардан воз кечиш орқали соғлом турмуш тарзига кенг йўл очиш мумкин.

Кун тартиби – унга қатъий риоя этинг. Биринчи навбатда – 8 соатлик уйқу зарур. Куннинг бир вақтида ухлаб ва муайян вақтида уйғонишга одатланиш керак. Уйқунинг бузилиши аста-секинлик билан инсон руҳияти, ҳиссиётларига зиён етказади, ишчанлик кайфиятини йўқотади, кейинчалик турли сурункали, жиддий хасталикларнинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Ижобий кайфият – соғлом турмуш тарзининг яна бир муҳим қоидаси ҳисобланади. Ҳаётдан кўпроқ завқ олинг, муваффақиятсизлик, омадсизликларга кўп эътибор қаратманг, доимо олға интилиш учун куч топа билинг. Ўзингизда одамларга нисбатан ғараз, гина, ёмон гумонларни сақламанг. Кечиримли, бағрикенг бўлинг. Нодонлар билан асло тенглаша кўрманг.

Тоза ҳаво – уйингиз ва иш кабинетингизни доимо тоза тутинг. Ҳар куни уни артиб, тозаланг, деразаларни очиб, тоза ҳаво киришини таъминланг. Табиат қўйнида сайр қилиш, томорқа ёки очиқ ҳавода жисмоний меҳнат қилиш саломатлик учун энг фойдали машғулотдир.

Шахсий гигиена – овқатланишдан аввал ва кейин қўлларни ювиш, уйқудан олдин ва овқатлангандан кейин тишларни тозалаш, тоза кийим кийиш, хуллас, тозаликка қатъий риоя этиш ҳам асосий шартлардан ҳисобланади.

Лола ТУРСУНҚУЛОВА,

вилоят юқумли

касалликлар клиник

шифохонаси шифокори.