“Лукойл“ ходими ҳолат атайин уюштирилган бўлиши мумкинлигини айтди
Шу кунларда “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ раҳбар-ходими томонидан Қашқадарё вилоятида жойлашган Жарқудуқ мажмуаси ишчилари шаънига ҳақоратли сўзлар айтаётгани муҳрланган видеолавҳа тарқалди.
Видеолавҳага нисбатан ижтимоий тармоқларда турли муносабатлар кўпаймоқда. Ҳақоратларга керакли чора кўриш борасида “Адолат“ СДП ҳамда “Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам муносабат билдирилди.
“Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ раҳбар-ходимининг номақбул ҳаракатини компания вакили ЎзА мухбирига қисқача изоҳлаб берди.
“Компаниямизда юз берган ушбу ҳодисадан хабардормиз. Айни дамда бу иш юзасидан тегишли текширувлар олиб борилмоқда. Текширув натижалари ўрганилгач, чора кўрилади ва бу ҳақда компаниямиз баёнот беради”, деди исм-шарифини сир тутган матбуот хизмати ходимаси.
"Видеолавҳада ҳақоратланганлар ва ҳақоратлаётган шахс маълум бўлишига қарамай, нима учун қўшимча текширувлар олиб борилмоқда", деган саволга эса матбуот хизмати вакиласи қуйидаги жавобни берди:
“Видеолавҳада ҳаммаси аниқ, равшан бўлса-да, ходимимиз уни қай ҳолатда айтганини аниқлашимиз керак бўлади. Балки, бу атайин уюштирилган бўлиши мумкин”, деди матбуот хизмати ходимаси.