Маҳалла раиси сайлови адолатли ва шаффоф ўтказилади

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари раислари ва аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди. 

Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Н.Раббимова, Олий Мажлис Сенатининг ташкилий-назорат бўлими мудири ўринбосари А.Бобоев сайлов жараёнида комиссия ва ишчи гуруҳлар эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритди.

- Маҳалла раислари сайлови жараёнларининг адолатли ва шаффоф бўлиши ишчи гуруҳига боғлиқ, - дейди А.Бобоев. - Олдингилардан фарқли ўлароқ, бу йилги сайловда тузиладиган ишчи гуруҳи 3 йил мобайнида маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда доимий иш олиб боради. Сайловчиларнинг талаби қониқтирилиши устидан назорат ўрнатади. Шунингдек, янгилик сифатида сайловда қатнашадиган вакилларга ҳам алоҳида талаблар қўйилган. Яна бир афзаллиги, энди овозлар яширин тарзда берилади ва очиқ ҳолатда сайловчилар олдида номзодлар тўплаган овозлар саналади. Бундан ташқари, сайлов бюллетенида кўрсатилган номзодларнинг расми жойлаштирилади.

Ўқув-семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.Худди шундай ҳудудий ўқув-семинар Каттақўрғон шаҳрида ҳам ўтказилди. 

Ҳусан ЭЛТОЕВ.