Маҳалла сервис компаниялари нега ишламаяпти?

Яқингача ҳовли уйлар жойлашган маҳаллаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммоларга ҳашар ёки ёлланма ишчилар орқали ечим изланарди. Бу узоқ муддатли, тизимли ва самарали ечим эмаслиги маълум эди.

Шу боис ўтган йил маҳаллаларда “Маҳалла сервис компаниялари” фаолияти йўлга қўйилди. Бу компаниялар маҳалланинг санитария ҳолатини яхшилаш, кўчалар ва ариқларни тозалаш, кўчат экиш ва уларни парваришлаш, шунингдек, коммунал тармоқларни таъмирлаш, чиқиндиларни саралаш ва ташиш хизматларини шартнома асосида амалга оширишни ўз зиммасига олади.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси масъули Шоҳруҳ Аҳроровнинг маълум қилишича, вилоятдаги 16 туман ва шаҳарда шундай сервис компаниялар ташкил этилган ва улар тажриба сифатида аҳолига 24 турдаги хизмат кўрсатишни бошлаган.

Хўш, бу тизим қандай самара беряпти? Жомбой туманидаги Гулистон маҳалласи мисолида саволга жавоб изладик.

– Маҳалламиз туман марказида жойлашган бўлиб, 3350 нафардан зиёд аҳоли яшайди, – дейди маҳалла раиси Жамшид Мирбобоев. – 726 хонадоннинг 578 таси ҳовли уйлардан иборат. Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари самарали фаолият олиб бормоқда. Аммо ҳовлиларда жойлашган хонадонларда аҳоли коммунал ва ободонлаштириш соҳасида турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Маҳалламизда ўтган йил августда “Гулистон маҳалла сервис компанияси” ташкил этилди. Беш нафар ходим ишга қабул қилиниб, зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланди. Бу компания маҳаллада иш бошласа, аҳоли хонадонларида сервис хизматлари кўрсатиш сифати ошади, коммунал соҳадаги муаммолар ҳам ҳал этилади, деб умид қилгандик. Аммо эътибор бўлмаса, ташаббус ҳам тўхтайди. Ходимларга маош тўланмаслиги оқибатида ташкилот фаолияти тўрт ойга бормай тўхтади ва ўтган йилнинг декабрь ойидан бери фаолият кўрсатмаяпти. 

“Гулистон маҳалла сервис компанияси” раҳбари Шокирбой Дўстовнинг маълум қилишича, Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги қарорига асосан, маҳаллаларга жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан ҳар ой 20 миллион сўмдан маблағ ажратилиши керак эди. Шунингдек, сервис компаниялар аҳолига 20 дан ортиқ пуллик хизматлар кўрсатиши белгиланган. Афсуски, ташкилот фақат август ойидагина ушбу маблағни олган ва ходимларга маош тўланмаган.

– Компанияда икки эркак, уч нафар аёл ишлардик, – дейди Бахтиёр Насимов. – Аввалига бир ой маош олдик, аҳолига шартнома асосида пуллик хизмат ҳам кўрсатдик. Лекин уч ойлик маош тўланмаганидан сўнг ҳаммамиз ишдан кетдик.

Вилоятдаги 15 туман ва шаҳарда ташкил этилган бошқа маҳалла сервис компанияларида аҳвол қандай экан? Ушбу компания маҳаллаларда аҳолининг турмуш тарзини енгиллаштириш, коммунал соҳа ва ободонлаштириш ишларини тизимлаштириш учун муҳим ташаббус эди-ку. Лойиҳага амалий жиҳатдан маблағ ажратилмаса, ходимларга кафолатли маош тўланмаса, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатли шаффоф ташкил этилмаса, ташаббус қоғозда қолиб кетаверади.

Фазлиддин Рўзибоев.