Маҳаллалар ва эҳтиёжманд фуқаролар эътибордан миннатдор

Самарқанд шаҳрида вилоятда фойдаланишга топширилган янги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда ҳозирда фаолият кўрсатиб келаётган айрим маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, вилоятдаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида тадбир ташкил қилинди.
Тадбирда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги 7 та маҳаллага компьютер жамланмалари ва нусха кўчириш аппаратлари, 9 та маҳаллага мебель тўпламларини бериш ҳақидаги сертификатлар топширилди.

Совға ва сертификатларни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими бошқаруви раиси А.Ахтамов топширди ҳамда барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан қутлади.
Шунингдек, А.Ахтамов бугун маҳалла раиси ва фаоллари зиммасида жуда катта вазифа турганини, бу масъулиятни ҳар бир маҳалла раиси ва ходимлари ҳис қилиши, давлатимиз томонидан маҳаллаларга қаратилаётган эътиборга жавобан меҳнат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, байрам арафасида 80 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, 12 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

“Маҳалла” хайрия жамоати фонди вилоят бўлими бошқаруви ахборот хизмати.