Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси шунчаки, ташкилий ҳужжат эмас
Аввалги даврларда бир шахснинг бир вақтнинг ўзида ҳам ижро, ҳам вакиллик ҳокимиятига раҳбарлик қилиши муайян тарихий шароитда ўз самарасини берган. Чунки мустақилликнинг дастлабки йилларида барча жараёнлар учун ягона масъул шахс бўлиши давр талаби эди. Бироқ бугунги кун воқелиги тубдан ўзгарди: жамият эҳтиёжлари кенгайди, ҳудудларни ривожлантириш масалалари кўп қиррали тус олди.
Шу боис ҳозирги босқичда маҳаллий Кенгашларнинг мустақил вакиллик органи сифатида фаолият юритиши, ҳокимликларнинг эса ижро этувчи ҳокимият сифатида аниқ вазифаларга эга бўлиши — демократик тараққиётнинг муҳим кўрсаткичидир.
Кенгаш ва ҳокимлик — ягона мақсад сари ҳамкорлик
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фуқароларнинг истак-иродасини ифода этувчи орган сифатида ҳудудий муаммоларни кўтаради, таклифлар билдиради ва қарорлар қабул қилади. Ҳокимлик эса ушбу қарорларни ҳаётга татбиқ этади, аниқ лойиҳалар ва дастурлар орқали уларни амалий натижаларга айлантиради.
Бунда ўзаро муносабатлар рақобат эмас, балки ҳамкорликка асосланиши зарур. Чунки ҳар иккала томоннинг бош мақсади ягона — ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш сифатини оширишдир.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳокимларнинг Кенгаш сессияларида ҳисобот бериши, ҳудудни ривожлантиришга доир истиқболли дастурларни тақдим этиши, депутатларнинг ушбу ҳужжатлар юзасидан саволлар бериши ва таклифлар киритиши бошқарув жараёнларини янада очиқ ва мазмунли қилмоқда. Бу жараён фақат расмиятчилик билан чекланиб қолмасдан, реал муаммолар муҳокамасига айланиши муҳим.
Шу жиҳатдан, бугунги кунда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини янада такомиллаштириш, вакиллик органларининг реал таъсирини кучайтириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунда табиийки, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини аниқ регламент, пухта иш тартиби ҳамда самарали режалаштириш асосида ташкил этиш муҳим омил ҳисобланади.
Депутатлик назорати ва доимий комиссиялар фаолияти
Аслида тўғри шакллантирилган иш режаси орқали депутатларнинг саъй-ҳаракатлари бир мақсадга йўналтирилади, доимий комиссиялар фаолияти тизимга солинади ва қарорлар ижроси устидан самарали мониторинг йўлга қўйилади. Акс ҳолда, иш режага формаллик билан ёндашиш депутатлик назоратининг сустлашишига, фаолиятнинг юзаки бўлишига олиб келади.
Умуман, режа аҳоли эҳтиёжлари, ҳудуддаги тизимли муаммолар ҳамда қонунчиликда белгиланган вазифалар асосида шакллантирилиши лозим. Таклифларни йиғиш, уларни таҳлил қилиш, аниқ ижрочилар ва муддатларни белгилаш эса иш режани реал “йўл харитаси”га айлантиради.
Шу маънода, маҳаллий Кенгаш иш режаси шунчаки ташкилий ҳужжат эмас. У депутатлик корпуси қайси йўналишларга устувор аҳамият беришини, ижро органлари устидан қандай назорат тадбирлари ўтказилишини белгилаб берувчи асосий дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Сессия — Кенгаш фаолиятининг маркази
Сессия — бу Кенгашнинг “иш куни”, ҳудуд тақдирига дахлдор масалалар муҳокама қилинадиган ва тегишли қарорлар қабул қилинадиган асосий майдон.
Сессияларда маҳаллий бюджет ва унинг ижроси, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботлари, назорат-таҳлил тадбирлари натижалари кўриб чиқилади.
Дарвоқе, сессия кун тартиби — бу тасодифий эмас, балки пухта ўйланган, асосланган масалалар рўйхати бўлиши лозим. Кун тартибини шакллантиришда таклифларни йиғиш, масалаларни саралаш, доимий комиссиялар хулосасидан ўтказиш ва сессияда тасдиқлаш каби босқичларга амал қилинади.
Шу ўриинда айтиш ўтиш лозим, сессиялар аввалида маҳаллий Кенгашларнинг муҳим органи - доимий комиссиялар орқали маҳаллий бюджет ижроси, ижтимоий соҳа, тадбиркорликни ривожлантириш, экология ва коррупцияга қарши курашиш масалалари тизимли тарзда кўриб чиқилмоқда.
Комиссиялар йиғилишларида бошқарув идораларининг чораклик ва йиллик ҳисоботлари эшитилиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати аниқ фактлар асосида таҳлил қилиняпти.
Регламент — Кенгашнинг ички қонуни
Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятини регламент асосида амалга оширади. Регламент сессияларни чақириш ва ўтказиш, кун тартибини шакллантириш, муҳокама ва овоз бериш тартибини белгилаб берадиган муҳим меъёрий ҳужжатдир. Яъни, регламент — Кенгашнинг ички қонуни бўлиб, у Кенгаш раиси, депутатлар ва котибият ходимлари учун мажбурийдир.
Айнан регламент орқали сессияга тайёргарлик кўриш муддати, депутатларни хабардор қилиш, материалларни тарқатиш, қарорларни расмийлаштириш каби масалалар аниқ тартибга солинади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, регламент талабларига қатъий амал қилинган жойда сессиялар мазмунли ўтади, қарорлар пухта муҳокама асосида қабул қилинади.
Аксинча, регламент бузилиши қарорларнинг қонунийлигига шубҳа туғдиради, прокуратура таъсир чораларига сабаб бўлиши ёки суд орқали қарорлар бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Шу боис ҳар бир депутат Регламентни чуқур билиши, Кенгаш раиси эса унга риоя этилишини қатъий таъминлаши зарур.
Амалиётда ҳужжати тайёр бўлмаган масалаларни киритиш, муҳим масалаларни кун тартибининг охирига қолдириш ёки сессия куни ўзгартириб юбориш ҳолатлари учраб туради. Бундай ёндашув сифатсиз қарорларга олиб келади. Шу боис кун тартибини депутатлар билан келишган ҳолда шакллантириш, ҳар бир масалага етарли вақт ажратиш муҳимдир.
З.ҚАРШИЕВ,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси.