Мактабларда нега қўл ювгич йўқ? Оқибат билан эмас, сабаб билан курашишимиз керак
Тиббиёт ходими, қолаверса, депутат сифатида мактабларга борганимда кўп эътибор қилганман – ҳожатхонадан қайтаётган болаларнинг деярли барчаси қўл ювмайди. Чунки қўл ювишга шароит йўқ.
Елим қўл ювгичлар тахтага номигагина қоқилган. 4-5 та бундай воситаларнинг биронтасининг ичида суви йўқ. Борлари ҳам эски сув.
Энди қаранг, ҳеч бўлмаса умрида бир марта гельминтоз, яъни ичига паразит тушмаган инсонни топиш амримаҳол. Ваҳоланки, гельминтоз ва гепатит А фақат ифлос қўл орқали юқади.
Умуман, мактаб ўқувчиси юзаларга қўли билан тегинади. Шу алфозда тўғри мактаб ошхонасига ёки яқин атрофдаги дўконга ўтиб, бирор егулик тановул қилади. Аксарият туман мактабларида аҳвол шундай.
Юртимизда фақат гельминтозни даволаш учун миллиардлаб маблағ ажратиляпти. Аммо бу фақат оқибатни бартараф қилишга хизмат қилади. Негаки, бола қўлини ювмагач яна икки ойда паразит қайта ичига тушаверади.
Айтмоқчи бўлганим, болаларни қўл ювишга ўргатмас, бунинг учун етарли шароит яратиб бермас эканмиз, гельминтоз касаллигига қарши курашиш яхши самара бермайди.
Оддий мисол, Японияда қўл ювиш техникаси оммалаштирилгач, гельминтоз ва гепатит А билан касалланиш кескин камайган.
Шунинг учун мактабларда замонавий қўл ювиш мосламалари ўрнатишни кечиктириб бўлмайди.
Одатда кўпчилик ота-оналар гельминтоз касаллигига беэътибор бўлади. Аммо ичида паразит - гельминти бор болаларнинг интеллектуал салоҳияти яхши ривожланмайди. Чунки, унинг егани ўзига юқмайди - қони кам бўлади. Энг ёмони, бундай болаларда ҳеч қайси ички орган тўлақонли ишламайди. Яъни, камқонликка мослашиб ишлайди - функцияси тенг ярмига камаяди.
Оқибатда бола яхши ухламайди. Инжиқ бўлади. Хотираси пасаяди. Бориб-бориб неврозга йўлиқади. Қисқаси, бу занжир реакциясига ўхшайди. Оддий кўринган касаллик асорати бошқа бир муаммоларни келтириб чиқараверади.
Вилоят Кенгаши сессиясида берган таклифим бўйича вилоят молия бош бошқармаси томонидан бу борада дастлабки ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Яъни, мактабларда замонавий қўл ювиш воситаларини ўрнатиш харажатлари ва мавжуд имкониятлар ҳисоб-китоб қилинмоқда. Ўйлайманки, бу масала тез орада ўз ечимини топади.
Шу ўринда масаланинг узвий давоми сифатида яна бир таклифим бор. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шу кунларда «маҳаллабай» тизими асосида иш олиб бориляпти. Натижада ҳудудлар ободонлаштирилиб, ҳар бир хонадоннинг турмуш тарзини яхшилаш чоралари кўриляпти.
Бу борада қишлоқ жойларда ҳам санитар-гигиена шароитларини яратиш мақсадга мувофиқ. Яшириб нима қилдик. Ҳаммомсиз қишлоқларимиз жуда кўп. Аслида замонавий технологиялар асосида буни ҳар бир хонадонда ташкил қилиш мумкин. Гап фақат озгина ҳафсала ва эътиборда.
Суриштириб кўрдим, 15-16 миллион сўм маблағ сарфлаб сув чиқариш қурилмаси, замонавий сув иситиш қозони ва ювиниш хонасини ташкил қилиш мумкин. Бир қарашда бу оддий қишлоқ одами учун катта маблағ. Бироқ буни истеъмол ёки бошқа турдаги кредит кўринишида ташкил қилиш мумкин. Шунда ойига 400-500 минг сўмлик тўлов ҳеч бир оилага оғирлик қилмайди. Муҳими, яшаш шароитлари янгиланади. Энг асосийси, болалар гигиена қоидаларига риоя қилишни ўрганади.
Нилуфар Нурматова,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.