Мақсад аниқ олинмаса ёхуд Бандлик дастури тасдиқланмаса, иш ўринлари яратилмайдими?

Яқинда Жомбой туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш борасидаги ҳолатни ўрганиш давомида шундай саволга дуч келдик?

Дастлаб айрим жиҳатларга эътибор қаратсак. Амалдаги тартибга кўра, ишсиз, лекин уни излаётган фуқарога уч ой базавий ҳисоблаш миқдорида (223 минг сўм) ишсизлик нафақаси тайинланади. Жомбой туманида йил бошидан буён 65 кишига ана шундай нафақа тайинланган. Яна қанча одам жамоат ишларига жалб қилинган, қанчасидир касбга ўқитилган.

Рақамларни келтирмаётганимнинг сабаби бор: бу ҳаракатлар бирор фуқаронинг арзирли даромад олиши, шунинг орқасидан рўзғор тебратишида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Тўғри, буям бир чора бўлиши мумкин, фақат қоғозларни тўлдираётган рақамлар амалда ҳам шундай бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди.

- Ишсиз фуқароларга маъқул келадиган иш топилмаган ҳолларда улар "Уста-шогирд" анъаналари асосида қизиқишига қараб ҳунармандларга бириктирилади, - дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Шерзод Норбоев. – Бундан ташқари, ҳунармандларга шогирдликка неча киши берилгани ёдимда йўқ, лекин Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOICA) ва туман информатика касб-ҳунар коллежида касбга ўқитилади.

Биз ўтган даврда қанча одамга касбга ўқитилгани, улар асосан қайси мутахассислар бўйича қайта тайёрланганини билиш учун қайд қилинган коллеж мутасаддилари билан боғланмоқчи бўлдик. Маълум бўлишича, бу коллеж ўтган йили фаолиятини тугатган, айни дамда бу ерда умумий ўрта таълим мактаби фаолият олиб бораётган экан.

Бу ҳолат ҳафсаламизни пир қилса-да, мақташга арзигулик жиҳат қидирдик. http://ish.mehnat.uz/ сайтида тумандаги корхона ва ташкилотларда 51 вакансия – бўш иш ўрни мавжудлиги қайд этилган. Ҳаммасида турлича бўлган иш ҳақлари. Аммо тумандаги 8-мактабгача таълим ташкилотига болалар овқатлари ошпази (сайтда қандай бўлса шундайлигича келтирдик) керак экан. Ярим штат бўлган лавозим учун 280 минг сўм ойлик иш ҳақи ёзилган. Ваҳоланки, амалдаги тартибга кўра, бир штат учун 679 минг сўмдан кам иш ҳақи ҳисоблаш мумкин эмас. Бу ҳақда марказ мутасаддиларига билдирганимизда улар елка қисишдан нарига ўтмади.

- Бир кўриш керак, ҳозир аниқ гап айтолмайман, - дейди Ш.Норбоев.

Вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар расмиятчилик ёки хўжакўрсин учунлигини туман молия бўлими бошлиғи лавозими вакант, деб кўрсатилганлигидан ҳам билиши мумкин. Чунки бу лавозимда янги номзод иш бошлаганига 6-7 кун бўлган вақтда ҳам у вакант иш ўринлари рўйхатидан олинмаган.

Аслида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил қилишда жойлардаги меҳнат инспекторлари “қўл ва оёқ” бўлиши керак. Жомбой туманида 4 нафар меҳнат инпектори фаолият олиб боради. Бир ойда 1300-1500 минг сўм атрофида иш ҳақи оладиган меҳнат инспекторлари 4 та секторга бириктирилган.

- Асосан, ҳақ тўланадиган жамоат ишига банд бўлмаган фуқароларни жалб қиламан, - дейди тумандаги меҳнат инспекторларидан бири. – Бундан ташқари, ёрдам пули, икки ёшгача бўлган фарзанди тарбияси учун нафақа сўраганларнинг оилавий аҳволини ўрганиб, хулоса бераман. Субсидия олишни истайдиганларга бу борадаги тартиб-қоидаларни тушунтириб, зарур йўл-йўриқ кўрсатаман.

Англаганингиздек, туман бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари давлат томонидан берилаётган ёрдам эгаларига етиб бориши билангина шуғулланяпти. Аслида улар одамларни иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш учун солиқ идорасигаям, маҳалла фуқаролар йиғини раисларигаям, қўйингчи, ўнлаб мутасаддиларга ёмон кўриниши шарт эмасми?! Нега?

Бунинг учун улар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида белгиланган ҳар битта иш ўрни муддатидан кечикмасдан ташкил қилинишини мониторинг қилиши керак. Бу орқали тадбиркор йўлига бюрократик тўсиқ бўлаётган айрим мутасаддиларни фош қилишига тўғри келади. Юзага келаётган шу ва бошқа муаммолар ҳақида ҳокимга маълумот киритиб турса, бундан биринчи навбатда бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддилари ютади-ку.

- Жорий йилда янги иш ўринлари яратиш ва бандлик параметрлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинмади, - дейди Ш.Норбоев. – Шунинг учун дастурлар ижроси билан туман ҳокимлиги инвестиция бўлими шуғулланяпти.

- Дастур ижросимас, у орқали яратиладиган иш ўринлари ҳақида қизиққанмисиз?

- Нечта корхона ташкил қилинган бўлса, ҳаммасининг рўйхати, уларда яратиладиган иш ўринлари сони ягона дарчада (давлат хизматлари маркази - таҳририят) бор...

Маълумотларига кўра, туманда ўтган беш ойда 811 киши иш билан таъминланган. Бу рақам олти ой учун қанча бўлишини сўраб овора бўлмадик. Яратилиши давлат дастурларида белгиланган иш ўринларининг реал ҳолати билан қизиқмаган мутасаддидан қисқариши эҳтимоли бўлган иш жойларини йўқолмаслиги учун кўраётган чораси ҳақида сўраш бефойда.

Шундай бўлса-да, бир мулоҳазани айтмасак бўлмас. Мутасаддилар тадбиркорликка иштиёқманд кишилар етарлича топиладиган, кўпгина қулайликларга эга ҳудудда жойлашганлиги учун Самарқанд шаҳри ва туманлардаги ишбилармонларда ҳам катта қизиқиш уйғотадиган Жомбой туманида коворкинг маркази, “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил қилиш режалаштирилмаётганини маълум қилишди.

Суҳбат давомида пандемия даврида корхоналар тўхтаб қолмаслиги, оқибатда ишсизлар кўпаймаслиги учун Президент қарори билан корхоналарга белгиланган имтиёзлар ҳақида туман бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддиларида ҳеч қандай ахборот йўқлигидан ажабландик.

Бундан яратилган иш жойларида меҳнат шароитлари, ишга қабул қилинганларнинг кейинги тақдири, уларга берилаётган иш ҳақлари алоҳида мавзулигини англаб етдик. Шу боис, янги услуб ва методларни қўллашга ҳаракат қилмаётган, мавжуд муаммолар юзасидан ҳокимга масала киритмаётган тизим келажаги ҳақида хулоса қилмасдан ортга қайтдик.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.