Бугун Марс ва Меркурий бир-бирига яқин келади: Буни ўзбекистонликлар ҳам кузатиши мумкин

Бу ҳақда изоҳ олиш учун Zarnews.uz мухбири Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти ходими физика-математика фанлари доктори Собит Илёсов билан боғланди. Олим ушбу ҳодиса ҳақида шундай дейди:

– Марс ва Меркурий сайёраларининг ҳам масофа жиҳатдан, ҳам осмон фонида бир-бирига максимал яқинлашиши ноёб ҳодиса ҳисобланади. Бугун, қуёш ботганидан сўнг шимолий-ғарбдан 15 градус баланликда юртдошларимиз бу икки сайёранинг осмон фонида бир-бирига яқин масофада турган ҳолатини кузатиш имкониятига эга бўладилар. Агар махсус кузатув асбоблари билан баланд жойдан кузатилса, жараённи бир соатдан ошиқроқ вақт мобайнида кузатиб турса бўлади. Кейин иккаласи ҳам ботади. Эртага ҳам айни шу пайтда кузатса бўлади, лекин кун ўтган сайин улар бир-биридан аста-секинлик билан узоқлашиб бораверади. Иккала сайёрадан ёруғроғи Меркурий, хирароғи Марс бўлади. Ўнг тараф тепада Меркурий, чап тараф пастда Марс бўлади.

Олимнинг айтишича, сайёраларни оддий кўз билан ҳаво очиқ жойда, фақат баландликдан ёки очиқ сайҳонликдан кузатиш мумкин.