Машҳур ҳофиз нега тўйда қўшиқ айтмади? Ёки хонадонлардаги санитария ҳолати ҳақида иккинчи мақола
– Бу ҳақда алоҳида ўрганиш олиб борилмаган-да, сиз айнан нима ҳақда сўраяпсиз?
– Айтайлик, қишлоқ жойларда аксарият хонадонларда қўлювгич йўқ, болалар учун қўлювгичлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
– Нималар деяпсиз, ҳамма хонадонда қўлювгич бор-ку!
– Йўғ-э, қишлоққа бориб кўрганмисиз?
– Синглим, мен қишлоқда туғилиб ўсганман, ахир!
– Демак, сизнингча, ҳар бир хонадонда бизнинг тасаввуримиздаги оддий, бир ниқтаса, сув тушадиган қўлювгичлар бор, шундайми?
– Ундай эмас-у, ҳар ҳолда офтобалар бор.
– Лекин унда болалар қандай қилиб қўл ювишини тасаввур қила оласизми?..
Хуллас, узоқ давом этган баҳсли бу суҳбатимизни тўлиқ баён этиш ниятим йўқ. Аммо суҳбатдошимнинг қайси ташкилотда фаолият юритиши мақола мавзуи бўлгани учун айтилиши керак, деб ўйлайман. Хуллас, хонадонлардаги мавжуд санитария ҳолати, уларнинг умум қабул қилинган қоидаларга қай даражада мос тушиши бўйича давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассиси билан суҳбатлашгандим. Ҳаммамиз кўриб-билиб юрган воқеликнинг инкор этилиши кишида суҳбатдошнинг кейинги фикрларига нисбатан қизиқишни сўндиради. Қизиқишнинг сўнгани-ку, майли, бу мутахассисдан ҳатто маълумот олиш ҳам қийинлигини сезгач, ноилож, гўшакни қўйишга мажбур бўлдим.
Ростдан ҳам уйингизда қўл ювгичингиз борми? Қишлоқ ҳудудларида яшайдиган ҳамкасбларим, таниш-билишларимдан шу ҳақда сўраб-суриштира бошладим. Аксарияти бу саволимга ўнта хонадондан бирида бўлса керак, деган жавобни берди. Лекин нега? Наҳотки, рисоладагидай қўлювгич ўрнатиб қўйиш шунчалик кийин бўлса?
Бир неча йилдирки, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Кўплаб давлат, жамоат ташкилотлари, айниқса, соғлиқни сақлаш муассасалари бу борада ўтказган тарғибот тадбирлари ҳақида чек-чагараси йўқ ҳисоботларни тақдим этишига ҳам кўникиб қолдик. Фалон маҳаллада, таълим муассасасида давра суҳбати, йиғилиш ўтказилди, соғлом турмуш тарзи ҳақида фикр билдирилди. Тўғри, бундай йиғинлар бўлмади, деб айтолмаймиз. Аммо ким уларнинг натижаси билан қизиқди? Ким хонадонларга кириб, соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ ҳақиқий ҳолатни ўрганди?
– Қўлювгич ҳамда хонадонлардаги ҳожатхоналарнинг рисоладагидек бўлиши соғлом турмуш тарзининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади, – дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Раҳима Раҳмонова. – Афсуски, чекка туманларда бўлганимизда бу масалада ижобий ҳолатни камдан-кам кузатамиз. Болаларнинг ўз вақтида қўлини совунлаб ювиб турмаслиги оқибатида улар ўртасида паразитар хасталиклар кўпайиб кетди. Ҳожатхоналарнинг ҳолати эса оналар ва болалар саломатлигида жиддий муаммо. Афсуски, бу масалага учинчи даражадаги иш деб қараётганлар жуда кўп. Аҳолига бу ҳақда тушунча бериш, керак бўлса, уни қуриб кўрсатишда бугун нодавлат нотижорат, жамоат ташкилотлари фаолликни кўрсатиши лозим, деб ўйлайман.
Дарвоқе, Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳар йили соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича доимий равишда давлат грантлари эълон қилиб борилади. Бунда нафақат нодавлат нотижорат ташкилотлар, балки маҳаллалар ҳам иштирок этиши мумкин. Афсуски, нафақат маҳалла фаоллари, балки тиббиёт ходимлари ҳам хонадонлардаги бу ҳолатни одатий деб қабул қилишади. Акс ҳолда, бу масала аллақачон бонг урар даражада эътибор тортиши лозим эди.
– Яқинда иккинчи синфда ўқийдиган қизим мактабда ул-бул нарса олиб ейсан, деб берган пулларимдан тежаб, уйга суюқ совун олиб келибди, – дейди Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Хуршида Бобокалонова. – Уйда совун бор-ку, нега ундай қилдинг, деб сўрадим. Ўқитувчимиз синфимизга қўлювгич ўрнаттирди, шунақа суюқ совун келтирди, бир марта ишлатиладиган қоғоз салфеткалар олиб келди. Қўлимизни тез-тез ювсак, ичимизга микроб тушмас экан. Камроқ касал бўларканмиз. Шунинг учун мен ҳам уйга шунақа совун олиб келдим. Касал бўлмаймиз, дейди қақилдоқ қизим.
Табиийки, она қизининг бу қилиғидан қувонган. Ўйлаб қаралса, юқорида биз улкан деб қараётган мавзу, болаларга мактаб давридаёқ шакллантириш мумкин ва лозим бўлган ҳолат, аслида. Афсуски, ҳамма ўқитувчилар ҳам шундай йўл тутмайди. Соғлом турмуш тарзи фақат тиббиётчининг иши, деб ўйлаётганлар учун бу кичкина мисол, холос. Тирноғимиз ўсса, ўқитувчимиздан уялиб, уни олдиришга уринганимиз, ёқамиз кирланса, яна устозимиздан истиҳола қилиб, уни ювиб беришни сўраб онамизга айтганимизни эслаб кўрайлик.
Тўғри, бундан бир неча йиллар аввал ЮНИСЕФнинг "Тоза қўллар" лойиҳаси доирасида вилоятимиздаги бир нечта мактабларга қўлювгичлар тарқатилиб, қўл ювишнинг афзал томонлари, қай тартибда қўл ювиш лозимлиги бўйича кўрсатмалар берилганди. Ўшанда ҳатто шаҳар мактаблари раҳбарлари ҳам ғурур билан қўлювгичларни қабул қилиб олгани-ю, ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ қилгани ёдимда. Минг афсуски, "Бизда болаларнинг қўл ювишига шароит етарли", дея олмади бу мактаб раҳбарлари.
Ҳа, бугун қишлоқларда ҳам уйлар шаҳардагидан қолишмайдиган тарзда қуриляпти, таъмирланяпти. Одамлар янада яхшироқ яшашга интиляпти. Келинларнинг уйлари замонавий жиҳозлар билан безатиляпти. Аммо эшигига халта илинган, поли гўё тушиб кетаётган ҳолатда, ҳидига тоқат қилиб бўлмайдиган ҳожатхоналар ўзгармаяпти. Қўл ювишда бироз ноқулай бўлган офтобаларга сув тўлдириб қўйиш ҳам ҳар доим ҳамманинг ёдида турмайди.
Дарвоқе, бундан бир-икки йил аввал машҳур ҳофиз вилоятдаги чекка туманлардан бирига тўйга келган экан. Табиийки, ҳожатга бориш учун уй эгаси ҳамроҳлигида ҳовлидан анча узоқроқдаги ҳожатхонага борганда, уни кўриб, нафақат у ерни, балки тўйни ҳам тарк этади. Кетиш олдидан: "Менга берадиган пулингизга ҳожатхонангизни тузук қуриб олинг", дея дакки берган экан. Бу дакки уй эгасига қай даражада таъсир қилган, билмадим, аммо умуман олиб қараганда, ҳалиям ҳудудларимизда бу борада аҳвол мақтагулик эмас. Соғлом турмуш тарзи, дея бонг урувчилар биринчи навбатда шу масалага оқилона ёндашувни ўрганиб чиқса, мактаб раҳбарлари четдан кимдир келиб муассасасига қўлювгич ўрнатиб беришидан ор қилса, муаммо оз бўлса-да, чекинармиди...
Гулруҳ МЎМИНОВА, «Зарафшон» мухбири.