Машинангизни қай ҳолатда сотиб олаётганингизни билишни истайсизми?

Жорий йил 1 майдан бошлаб автомобилларга оид маълумотларни тақдим этиш бўйича “Автомобиль тарихи” давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.

“Автомобиль тарихи”га оид маълумотларни ЯИДХП (my.gov.uz), Давлат хизматлари марказлари, веб-сайтлар ва мобиль иловалар орқали шартномавий асосда аниқлаш ва олиш мумкин.

Хизматдан фойдаланишда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли автотранспорт воситаларидан ташқари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин.

“Автомобиль тарихи”да автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, давлат рўйхатидан ўтказилган сана, русуми, ишлаб чиқарилган йили, тури, кузов (шасси) рақами, вазни, двигатель рақами ва қуввати, ёнилғи тури, ранги, ўриндиқлар сони, алоҳида белгилари ёки ўзгарган агрегат маълумотлари, босиб ўтган масофаси, ишончнома, ижара, ҳадя, мерос ва олди-сотди шартномаси каби фуқаролик-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар жойлашади.

Хизматдан фойдаланувчи фуқаролар автотранспорт билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликлар содир этилганлиги, транспортнинг гаровдалиги ҳақидаги ахборотлар билан ҳам танишиши мумкин бўлади.

Шунингдек, автотранспорт воситасига нисбатан тақиқлар, божхона ва йўловчи ташиш бўйича лицензия варақаси олинганлиги ҳақидаги маълумотлар билан танишасиз. Ушбу маълумотлар автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси, рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаси серияси ва рақами асосида сўровга асосан реал вақт режимида тақдим этилади. Агар сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилса давлат хизматини кўрсатиш рад этилади. «Автомобиль тарихи» ҳақидаги маълумотномалар QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи, яъни 27 минг сўм миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизматини кўрсатиш ва автотранспорт ҳақидаги ахборотларни тақдим этишда шахсга доир маълумотлар ошкор этилмайди. Автотранспорт воситасининг эгасига доир тўлиқ маълумотлар фақатгина автотранспорт воситаси мулкдори томонидан ўзининг автотранспорт воситаси тарихини олиш учун йўллаган сўровномасига асосан берилади.

Ушбу хизматнинг жорий этилиши одамларнинг иккиламчи бозордан автотранспорт воситасини харид қилишларида айрим фирибгарларга алданиб қолишларининг олдини олишга хизмат қилади.