Машинангиз шиналари сирпанчиқ йўлда ҳаракатланишга жавоб берадими?
Мана, қиш ҳам бошланди. Ҳарорат кескин пасайиб, қор ёғяпти, йўллар музлаяпти. Бундай пайтда тажрибали ҳайдовчилар автомобилларига махсус қишки шиналар ўрнатган, автомобилнинг эскирган дискларини янгисига алмаштирган. Лекин ҳамма ҳайдовчилар ҳам бу эҳтиёткорлик чорасини кўрмаган-да.
Мавсумга қараб танланган ғилдираклар йўлларда автомобиль нархи ёки ҳайдовчи маҳоратидан қатъий назар, асосий хавфсизлик воситаси саналади. Саволимиз шу: сизнинг автомобилингиз қишки мавсумга ва йўлларда бехавотир ҳаракатланишингизга тайёрми?
- Тан олиш керак, бугун машина миниб юрганларнинг барчаси ҳам қишга етарлича тайёргарлик кўришмайди, - дейди «Самарқандавтотеххизмат» акциядорлик жамияти бош муҳандиси Шарофиддин Пардаев. – Билганлари эса фақат шина ва антифрезни янгиласа бўлди, деб ўйлашади. Уйда мустақил равишда машинанинг печкаси ва вентелятори ишлаётганига ишонч ҳосил қилишингиз лозим. Шиналарини қорда юришга мўлжалланган шиналарга алмаштиринг. Шунингдек, двигатель мойи ва антифрезини янгиланг. Ойна тозалагич, тормоз тизими (колодка) ва узатмалар қутисини яхши ишлаётганини текшириб кўринг. Эшик қулфларини совуқ ҳароратга чидамли бўлган полимер силикон мой билан ишлов беринг. Сув айланиши тўхтаб қолмаслиги учун дренажларни тозаланг.
Агар машинадан қишда кўп фойдаланилса, албатта лой бўлади. Юваётганда кимёвий моддалардан камроқ фойдаланинг. Чунки бўёқлар ташқи пластик қисмларга салбий таъсир кўрсатади. Иложи бўлса, қишда ушбу процедурадан воз кечиб ва машинани коррозияга қарши аралашма ва воситалар билан ҳимоя қилган яхшироқ.
Автомобилни паст ҳароратда ва очиқ ҳавода ювмаслик керак. Акс ҳолда, бу ҳолат бўёқнинг шикастланишига ва кейинчалик кучли зангланишига олиб келади. Шунингдек, ойнада ёриқлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Аслида автомобилингизни қиш мавсумига ишончли қилиб тайёрламоқчи бўлсангиз, ҳудудингиздаги автосервисларга мурожаат қилиб, техник тайёргарликдан ўтказганингиз маъқул.
Бугун бозорларда автоҳаваскорларни бир қарашдаёқ ўзига жалб қилувчи шина, диск ва бошқа турдаги эҳтиёт қисмларни истаганча учратиш мумкин. Аммо, нима бўлганда ҳам шахсий автомобиль учун жиҳозларни энг ишончли ва синовдан ўтганларини харид қилган маъқул.
Дилмурод Тўхтаев.