Мато парчаси катта ижод намунасига айланиши мумкин
Бугунги кунда технология фани ўқувчиларга нафақат меҳнат қилиш кўникмаларини, балки тежамкорлик ва экологик маданиятни ҳам ўргатади. Айниқса, газлама қолдиқларидан унумли фойдаланиш асосида санъат асари яратиш ўқувчиларнинг ижодий фикрлашини ривожлантиради ва ортиқча чиқиндиларни камайтиришга хизмат қилади. Одатда тикувчилик цехлари ёки уй шароитида турли ранг ва ўлчамдаги майда мато парчалари қолиб кетади. Кўпчилик уларни кераксиз деб ҳисоблаб ташлаб юборади. Аслида эса шу кичик парчалар орқали чиройли ва бежирим санъат асари яратиш мумкин.
Газлама қолдиқларидан буюм тайёрлаш жараёни, аввало ғоя танлашдан бошланади. Масалан, деворий панно, сумка, ўйинчоқ ёки турли безак буюмлар ясаш мумкин. Кейин материаллар ранг ва фактурасига қараб сараланади. Яратиладиган ишнинг оддий эскизи чизилиб, газлама парчалари шу асосда шаклга келтирилади. Улар бир-бирига уйғун тарзда жойлаштирилиб, игна-ип ёрдамида тикилади ёки махсус елими билан ёпиштирилади. Безак сифатида тугма, лента ва иплардан фойдаланиш мумкин. Бу жараён ўқувчилардан диққат, сабр-тоқат ва эстетик дид талаб қилади.
Ўзбек халқ амалий санъатида ҳам газлама парчаларидан фойдаланиш анъанаси мавжуд. Хусусан, қурамачилик санъатида турли мато бўлакларидан кўрпа ва ёстиқ жилдлари тикилади. Бу эса аждодларимиз тежамкорлик ва ижодни уйғунлаштирганини кўрсатади. Бугунги технология дарсларида амалга оширилаётган ишлар ана шу миллий мероснинг давоми ҳисобланади.
Самарқанд шаҳридаги 81-мактабда ҳам ўқувчиларга технология дарсида қуроқчилик санъатини ўргатиб келяпман. Ўқувчилар газлама қолдиқларидан турли буюмлар яратади. Кимдир телефон ғилофи тикса, яна бири қўғирчоқ учун либос тайёрлайди. Бир гуруҳ ўқувчилар мато парчаларидан деворий манзара ясаб, синф хонасини безайди. Шу санъат асарлари асосида кўргазмалар ташкил этамиз. Бундай тадбирлар болаларда меҳнатсеварлик, жамоада ишлаш ва табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантиради.
Хулоса қилиб айтганда, газлама қолдиқларидан санъат асари яратиш нафақат амалий кўникма, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Бу орқали ўқувчилар ресурсларни тежашни, атроф-муҳитни асрашни, муҳими, оддий нарсалардан гўзаллик яратишни ўрганади. Кичик бир мато парчаси катта ижод намунасига айланиши мумкин.
Рисолат МУСТАФОЕВА, олий тоифали ўқитувчи.