Мавзуга қайтиб: Оқдарёнинг дарё йўллари
Ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори томонидан Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Пўлатдархон маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли ечимини кутаётган долзарб масалалар қаторида қишлоқ йўлларининг таъмирталаблигини ҳам билдирган эди. Бу ҳақда сайтимиз ва газеталарда мақолалар чоп этилди, мутасадди идораларга ушбу масалалар юзасидан мурожаатлар йўлланди.
Яқинда яна маҳаллада бўлиб, қабул чоғида айтилган муаммоларнинг ечими билан қизиқдик.
– Айрим масалалар ҳал этилди, лекин асосий муаммоларимиз ҳалигача очиқ турибди, – дейди “Пўлатдархон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Насимов. – Ҳудуднинг катталиги ва аҳоли сонининг кўплигини ҳисобга олиб, маҳаллани иккига бўлиш масаласи ечилмади. Бир неча йилдан буён таъмирга муҳтож Найман, Чоржўй, Озод, Дархон қишлоқларидаги ички йўлларнинг тақдиридан ҳам бехабармиз. Шу кеча-кундузда бу йўллардан юриш жуда оғир. 41-мактабга борадиган йўл ҳам ҳамон ўша-ўша – лой, ўйдим-чуқур...
Оқсоқолнинг гапларидан сўнг қишлоқ йўлларини кўриш мақсадида маҳалла ҳудудидан ўтган Жомбой – Пўлатдархон йўлига чиқдик. Дарвоқе, қабул чоғида аҳоли ушбу йўлнинг торлиги, тегишли йўл белгиларининг ўрнатилмагани ва транспорт воситаларининг юқори тезликда ҳаракат қилиши оқибатида бу кўчада тез-тез йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлишини билдирган эди.
Маҳалла фаолларининг айтишича, бу масалалар ҳамон муаммолигича турибди. Йўл торлиги етмагандек, унинг икки томонида пиёдалар йўлаклари ҳам йўқ. Асфальтдан ташқари жойлар лойлиги сабабли пиёдалар йўлнинг транспорт воситалари қатнов қисмидан юришга мажбур бўлмоқда.
Ушбу йўлдан Дархон ва Озод қишлоқларини боғлайдиган йўлга ўтдик. Аҳоли айтганича бор экан, бир замонлар асфальт ётқизилган бу йўлдан ҳозир транспорт воситаларининг юриши ҳам қийин. Кўчанинг яроқсиз ҳолга келиб қолганидан йўл ўрталарида катта-катта кўлмаклар ҳосил бўлган. Аҳолининг таъкидлашича, мутасаддилар ҳар гал бу йўл дастурга кирган, дейишади, аммо ҳеч бу дастур ижро этилмайди. Йўлнинг аҳволи эса йилдан йилга ёмон бўлиб бормоқда.
Маҳалла болалари 41-мактабга қатнайдиган йўлнинг тақдири ҳам бир неча йилдан буён шу ҳолатда. Яқинда аҳоли ҳашар қилиб, йўлга тош тўкиб, бироз тартибга келтирибди. Лекин бу ҳам вақтинчалик чора-да.
Пўлатдархондаги йўлларнинг тақдири билан қизиқиб, туман ҳокимлиги томон йўл олдик. Туман марказига боргунча яна бир қатор ички йўлларга ҳам назар солдик. Қоратери, Кумушкент маҳаллаларида асфальт ётқизилган ёки қум-шағал тўшалиб, тартибга келтирилган кўчалар билан бирга таъмирталаб, ҳалигача лой-кўлмак йўллар. Айрим қишлоқ қабристонларига борадиган йўлларга тош ҳам тўкилмаган.
Туман марказида ўтган йил бунёд этилган тиббиёт бирлашмаси даволаш-профилактика муассасалари атрофидаги йўллар ва автомашиналар тўхташ жойлари ҳам ўз ҳолича ташлаб қўйилган. Замонавий биноларга мос транспорт-коммуникация тизими яратилмаган.
Эътиборимизни тортган яна жиҳат шу бўлдики, туман марказида ҳам, қишлоқларда ҳам айрим маҳаллаларда аҳоли ўз ҳовлиси олдидаги ариқларни тозалаб қўймагани ёки кўмиб юборгани оқибатида йўлда ёмғир сувлари тўпланиб қолган. Ваҳоланки, кўчанинг текис ва равонлиги, қатновга қулай бўлишидан аввало шу ерда яшовчи аҳоли манфаатдор. Маҳалла аҳли ҳам ўзлари юрадиган йўлнинг кичик таъмирлаш ишларини бажариши, ҳеч бўлмаганда ўз дарвозаси олдини тартибга келтириб қўйиши мумкинку.
– Бугунги кунда корхонамиз тасарруфидаги 154 километр узунликдаги автомобиль йўлларида ўта таъмирталаблари ҳам, жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши керак бўлганлари ҳам бор, – дейди Оқдарё туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бўлим бошлиғи Ш.Нортожиев. – Ўтган йил бу йўлларда 1 миллиард 553 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини олиб бордик. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 826 миллион сўм маблағ сарфланиб, 4,6 километр масофада қабристонларга олиб борувчи йўлларга асфальт бетон қопламаси ётқизилди. Жорий йилда бу ишлар кўлами яна ҳам кенгаяди. 2019 йилга мўлжалланган манзилли дастур асосида туманимиз бўйича жами 24,8 километрлик ички автомобил йўлларини жорий таъмирлаш режалаштирилган. Яъни, 35 объектда 5 миллиард 176 миллион сўмлик иш бажарилади. Дастурда туман марказидаги кўчалар, Озод-Дархон, Найман йўли ҳам назарда тутилган. Шунингдек, айни пайтда Лойиш шаҳарчаси ҳудудидан ўтувчи 4р-58а “Лойишга кириш” автомобиль йўлида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Демак, пўлатдархонликлар бу йилги дастур ижросини ҳам кутишларига тўғри келади. Балки бу гал уларнинг орзулари амалга ошиб, қишлоқ йўллари таъмирланар – буни вақт кўрсатади. Хуллас, жўжани кузда санаймиз-да.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат).