Майда пуллар ва тангалар нега муомаладан чиқарилди?
Хабарингиз бор, 2020 йил 1 мартдан 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматидаги танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилди.
Бу ҳолатнинг сабабини Марказий банк мутахассиси қуйидагича изоҳлаб берди:
Марказий банкнинг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги банкнот ва тангаларини муомаладан қайтариб олиш муомаладаги нақд пулларнинг номинал қаторини оптималлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Дунёдаги аксарият мамлакатларда тангаларнинг асосан 4-5 хил номинали, банкнотларнинг 5-6 хил номинали муомалада бўлса, Ўзбекистонда эса бугунги кунга қадар муомалада расман 14 та (1 тийин, 3 тийин, 5 тийин, 10 тийин, 20 тийин, 50 тийин, 1 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 50 сўм, 100 сўм, 200 сўм, 500 сўм) номиналдаги тангалар, 12 та (1 сўм, 3 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 200 сўм, 500 сўм, 1000 сўм, 5000 сўм, 10 000 сўм, 50 000 сўм, 100 000 сўм) номиналдаги банкнотлар мавжуд.
Маълумот учун: 2019 йилнинг 1 июлидан 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлар муомаладан чиқарилди. 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотади.
Шунингдек, бутун дунёда амал қилинадиган муомаладаги пул белгиларининг номинал қаторини белгилаш назариясига кўра, энг кичик номиналдаги пул белгиси (асосан танга кўринишида) ўртача кунлик иш ҳақининг мингдан бир қисмини ташкил этиши лозим.
Мазкур ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бу нисбат 85,2 ни ташкил этади (Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йил якунида ўртача ойлик ҳисобланган иш ҳақи – 2 324,5 минг сўм, даромад солиғи чегирилганда 2 045,6 минг сўм). Шунга кўра, республикамизда нақд пулдаги ҳисоб-китоблар учун энг кичик номиналдаги пул белгисининг 50 сўмлик танга бўлиб қолиши юқоридаги назарияга асосланган.
Бундан ташқари, 1994-2001 йилларда муомалага киритилган 25 сўмлик ва ундан кичик номиналдаги тангалар ҳамда банкнотлар мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар, нархлар ўзгариши каби омиллар таъсирида табиий равишда муомаладан чиқиб кетган бўлиб, бугунги кунда нақд пулдаги тўловларда улардан умуман фойдаланилмаяпти.
Ушбу номинал қийматдаги пул белгиларига талаб бўлмаганлиги сабабли, 2006 йилдан буён Марказий банк томонидан ҳам бундай қийматдаги тангалар зарб қилинмаяпти ва банкнотлар босиб чиқарилмаяпти.
Шундай қилиб, Марказий банкнинг 2019 йил сентябрь ойида қабул қилган тегишли низомига кўра, 25 сўм ва ундан кичик қийматдаги эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади ва уларни айирбошлаш 2021 йил 1 январгача давом этади.
Жаҳон амалиётида ҳам айрим пул белгиларни нулификация қилиш – қийматини йўқотиш амалиёти қўлланилади.
Мисол учун, амалда тўлов қобилиятини ва қадрини йўқотган майда қийматдаги пул белгиларини муомаладан қайтариб олиш, яхлитлаш каби жараёнлар 2003, 2004, 2013, 2015 йилларда Белорусда, 2001 йилда Қозоғистонда, 2011 йилда эса Қирғизистонда амалга оширилган.
Шунингдек, Канада, Украина ҳамда Евро ҳудуддаги Финляндия, Ирландия, Нидерландия, Бельгия каби давлатларда ҳам нақд пуллар таркибини оптималлаштиришда кичик номиналдаги пул белгиларини яхлитлаш борасида ислоҳотлар қилинган.
Республикамизда энг кичик қийматдаги пул белгиси 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик танга бўлиб қолаётганлигини инобатга олиб, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатишда нақд пулда амалга ошириладиган тўловларни 50 сўмга яхлитлаш лозим бўлади.
Худди шундай чакана савдо корхоналарига ҳам аҳоли томонидан харид қилинган товарлар учун тўловлар нақд пул шаклида амалга оширилганда, товарлар умумий қийматини юқоридаги тартиб асосида 50 сўмга яхлитлаган ҳолда ҳисоб-китоб қилиниши тавсия этилади.
Яхлитлаш нақд пулсиз ва банк карталари орқали амалга ошириладиган ҳисоб-китобларга татбиқ этилмайди. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳужжатларида (тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси ва бошқалар) суммалар яхлитланмасдан тўлиғича қайд этилади ва қайд этилган суммага операциялар амалга оширилади.