Сизда тўлов қобилиятини йўқотган 50, 100, 200, 500 сўмлик банкнотлари борми? Уларни амалдаги пул белгиларига алмаштириб олинг
Марказий банкнинг эски намунадаги тўлов қобилиятини йўқотган 50, 100, 200, 500 сўмлик банкнотлари ҳамда 50 сўмлик ва 100 сўмлик тангаларни амалдаги пул белгиларига алмаштириб олишингиз мумкин.
2020 йил 1 июлдан 200 ва 500 сўмлик банкнотлар қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган. Шунингдек, ушбу банкнотларни амалдаги пул белгиларига алмаштириб олиш Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 29 январдаги 2/10-сонли қарорига асосан 2023 йил 1 январь этиб белгиланган эди.
Бугунги кунда фуқаролар томонидан тўлов қобилиятини йўқотган ушбу номиналдаги банкноталарни алмаштириб олиш юзасидан мурожаатларнинг келиб тушаётганлиги сабабли, Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 3 июндаги 15/6-сонли қарорига асосан эски намунадаги 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларни ҳамда 50 ва 100 сўмлик тангалар Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармасининг Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан амалдаги пул белгиларига алмаштириб берилади.
Биз бу хабар эълон қилингач, самарқандлик фуқароларга бу борада қандай енгиллик яратилиши мумкинлиги ҳақида Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси билан боғландик.
Бошқарма масъуллари бошқарманинг Ҳисоб-китоб касса марказининг манзилини айтишди: Самарқанд шаҳар Шоҳрух кўчаси 19-уй.
Локация: https://goo.gl/maps/jDDahm4Rc6е4еcфПА
Қўлида эски намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик банкнотлари ҳамда 50 сўмлик ва 100 сўмлик тангалари бўлган фуқаролар ушбу манзилга бориб, уларни амалдаги пул белгиларига алмаштириб олишлари мумкин.