МЧЖ ходимларининг Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасидаги дарахтларда “алами бор”миди?

Яқинда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасида, тунда йўл четидаги дарахтларни кесиб кетишаётганлиги акс этган видеолавҳа эълон қилинди.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг назорат инспекторлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилди.

Аниқланишича, 2020 йил 13 июнь куни ярим тунда шаҳарнинг Рудакий кўчасида хатловга олинган бир туп арча ва бир туп тут дарахти кесиб кетилган.

Назорат инспекторлари томонидан олиб борилган суриштирув натижасида қонунбузар - “MESE YOL” МЧЖ ходими Қ.Р.га нисбатан ЎзР МЖтКнинг 79-моддасига асосан 1115000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм жарима қўллаш ҳамда табиатга етказилган 11484500 (ўн бир миллион тўрт юз саксон тўрт минг беш юз) сўмлик зарар аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилган.

Шунга қарамасдан, 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси “MESE YOL” МЧЖнинг яна бир ходими Ҳ.Т. томонидан худди шу жойда бир туп чинор дарахти ноқонуний тарзда кесиб кетилган. Ҳ.Т.га нисбатан табиатга етказган зарари ва кесилган чинор дарахтининг зарари қопланиб, ўрнига 10 туп қимматбаҳо навли дарахт экиш ва парвариш қилиш вазифаси юклатилган.

Аммо шундан кейин ҳам қонунбузарлар хулоса қилиш ўрнига 2020 йил 16 июнь куни “MESE YOL” МЧЖ иш юритувчиси Э.Ш. томонидан мазкур кўчада жойлашган бир туп чинор ҳамда тут дарахтини кесиб кетишганлиги ошкор бўлди.

Қонунни менсимаган Э.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддасига асосан, 1115000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм жарима ҳамда табиатга етказилган зарар учун 18174500 (ўн саккиз миллион бир юз етмиш тўрт минг беш юз) сўмлик далолатнома расмийлаштирилди.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.