Медиация - оилани яраштиришнинг маъқул усули

Самарқанд шаҳар суди томонидан “Медиация тўғрисида”ги Қонунга асосан фуқаровий-ҳуқуқий, шу жумладан, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан медиация келишувини қўллаш юзасидан бир қатор ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, суд биносида “Медиация хонаси” ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола хонаси” ҳам ташкил этилган.

Таъкидлаш ўринлики, шу йилнинг 9 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан 26 та никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича тарафлар яраштириб қўйилди. Бу 37 нафар вояга етмаган фарзанднинг ўз ота-онаси бағрида улғайиб, меҳрга зор бўлмаслигига, тирик етим бўлиб қолмаслигига, шунингдек, эр-хотин ўртасидаги бошқа турдаги оилавий низолар ҳамда улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли нохуш оқибатларнинг олди олинишига эришилганидан ва бу билан жуда катта хайрли иш амалга оширилганидан далолат беради.

Бунда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оилаларни яраштиришда медиатор, оила ва хотин-қизлар бўлими масъул ходими, психолог, туман имом хатиби ва бошқалар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида болалар низоси ва бошқа тоифа билан боғлиқ кўрилган ишларда судга келувчи шахсларнинг 70 нафардан ортиғининг болалари суд мажлиси тугашига қадар “Она ва бола хонаси”да хавфсиз шароитда бўлиб турган. Бундан кўринадики, ушбу қонун жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган фуқаролик, меҳнатга оид ва иқтисодий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

Шавкат Товбоев,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.