Меҳнатда майибланган, касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга нафақа тўланади

Меҳнатда майибланиш натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали маълум қилди.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:

➖ ишлаётган 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига;

➖ байналминал жангчиларга ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга;

➖ қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;

➖ Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;

➖ Чернобил АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;

➖ меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган ходимларга.