Меҳр-мурувват ойлиги давом этмоқда

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан жорий йил 30 ноябрдан 30 декабрга қадар юртимизда “Меҳр-мурувват ойлиги” ўтказилмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам ойлик муносабат билан ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда имконияти чекланган кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий кўмак кўрсатилмоқда.
Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Д.Усмонов ҳамда Самарқанд вилояти ва Иштихон тумани мутасаддилари кеча мазкур тумандаги маҳаллаларда бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар билан суҳбатлашди ва уларнинг мурожаатларини эшитди.
Сафохўжа маҳалласида яшовчи фуқаро М.Даминов бир хонадан иборат уйда ёлғиз яшаб келаётганлигини маълум қилиб, саломатлигидаги нуқсон туфайли қўлтиқтаёқ ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжи борлигини, шу маҳаллада яшовчи ногиронлиги бўлган Икром Асомов эса ногиронлик аравачасига зарурат сезаётганлигини билдирди.
Фуқароларнинг муаммолари жойида ҳал қилиниб, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан М.Даминовга қўлтиқтаёқ ва озиқ-овқат маҳсулотлари, И.Асомовга ногиронлик аравачаси берилди.
Суҳбат чоғида И.Асомов имконияти чекланган бўлишига қарамай, амакисининг хонадонидан бир хонадан иборат кутубхона ташкил этиб, маҳалладошларининг китобга меҳрини оширишга ҳаракат қилаётганини билдирди. Мутасаддилар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, И.Асомовга кутубхона фаолиятини кенгайтириш, янги китоблар ажратишда ёрдам беришларини билдирди.
“Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи яна бир фуқарога фонд томонидан ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Нодир Алимов.