Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мен сенга қувончни туҳфа этаман

Ҳамида Каримовани Самарқанд ижод аҳли устоз сифатида қадрлашади, чунки опа узоқ йиллар давомида «Самарқанд университети» газетасида, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида фаолият кўрсатди, бадиий ижод қилиш баробарида кўплаб ёшларга устозлик қилди.

Ҳамида опа «Кўнгил дафтари», «Қўшкокил», “Учқунлар шеърий тўпламлари, шунингдек, альманахларда чиққан туркум асарлари орқали китобхонлар кўнглига йўл топди. Бахтиёр Жуманинг «Ақлсиз мушук», асарини тожик тилидан ўзбек тилига ўгирди, Болта Ортиқовнинг «Мўмиё» қиссасини эса рус тилига таржима қилди.

Бундан ташқари, заҳматкаш шоира ўзбек, озарбайжон, рус адибларининг кўплаб шеърларини тожик китобхонлари ҳукмига ҳавола этди.

Таниқли адибимиз Зулфияхоним Ҳамида опанинг сингил сифатида кўриб, қадрлаган, ижодига раҳнамолик қилган. Шу сабабли Ҳамида опа “Саодат“ журнали қошидаги адабий муҳитда пишиб етилган.

Бугун 85 ёшини нишонлаётган, таҳририятимизнинг фаол муаллифларидан саналган шоир ва таржимон ижодкоримизни қувончли куни билан муборакбод этамиз.

Ватан
Сендайин юрт йўқдир жумла жаҳонда,
Ниҳолдай ўстирдинг, бағрингга босиб.
Камолга етказдинг, эл ишқи танда,
Яшаймиз меҳрингдан дарёдай тошиб.

Фақат сенда Ватан яйрайди кўнглим,
Баланд пардадаги созим сиғади.
Онадай оғушинг, ўзимнинг тилим,
Боргинам, кўпиму озим сиғади.

Саховатинг етти эшиги очиқ,
Қишим ҳам баҳорим, ёзим сиғади.
Мен нени истасам меъёрдан ошиқ,
Бағрингга баётим, розим сиғади.

Отамдай, онамдай юраги сочиқ,
Фақат сенгагина нозим сиғади.
Барча гапим айтгум ўзингга очиқ
Қабрим ҳам сен топсанг лозим, сиғади.

Ўйласам, ягонам, нозбардоримсан.
Ҳайрат кўчиб кирди юракларимга.
Бошимда арконим, зўр сардоримсан,
Учқур қанот бўлдинг, куракларимга.

Тўй
Бу кеч тоғлар боши олмос бўлибдур,
Бахт улашар тақдир толмас бўлибдур.

Ҳилолу юлдузлар келиб базмга,
Зим-зиё осмонга бормас бўлибдур.

Қизнинг либосида зар, мунчоқ порлар,
Сомон йўлларига ул мос бўлибдур.

Фалак ё тақдирнинг ишораси бу,
Юз-кўзларга меҳр пардоз бўлибдур.

Қуда-андажонлар «Қўша қаринг!» деб
Ёшларга бахт тилаб дилроз бўлибдур.

Келинга бир боқинг, эрка, гулноза
Йигит ҳузурида ноз-ноз бўлибдур.

Машшоқлар куйида илоҳий оҳанг,
Сўз, куйи дилкашу дилноз бўлибдур.

Олтин бошингизга ишқ тожин тилаб,
Ҳамида ҳам тўйга ҳамроз бўлибдур.

Истак
Чорлагин... Чорласанг дилдан қувониб,
Келурман, югуриб ёқимли ноздай.
Ҳаяжондан порлаб, юзларим ёниб,
Қўни-қўнжи тўла етилган ёздай.

Ва, соҳир оқшомги сукунатларда
Менинг тасодифан унутсанг исмим.
Савол ҳам бермасман қийнаб хатларда,
Сўраб ўтирмасман, Сен менинг кимим?!

Жумбоқлар сирини очмасман сўраб,
Гар кўнглим оғриса ҳамки, ичимда.
Халоскор мисоли ишқингни куйлаб,
Баҳор каби қучгум эрта-кечимда.

Мен сенга қувончни туҳфа этаман,
Баҳор насимидек уфуриб аста,
Жонфидо бўламан, бирга кетаман,
Умр йўлларида бўлма дилхаста...

Айрилиқнинг ситами
Дунё ичра сен дунём эдинг,
Бахт аталган азиз ном эдинг,
Қўлимдаги нозик жом эдинг,
Кўзларимни ёшлади тақдир.

Муҳаббатда сирдошим эдинг,
Порлаган зўр қуёшим эдинг,
Гоҳ кулгим, гоҳ кўз ёшим эдинг,
Ёлғизликка ташлади тақдир.

Сен ила мен синфдош эдик,
Тақдир бириктирган бош эдик,
Қирқ беш йиллик ёстиқдош эдик
Энди бошда рўмолим оқдир.

Йўлда ёлғиз, ёмон қоқилдим,
Кузги хазон, баргдай ёқилдим,
Меҳринг дилга нечун жо қилдим,
Аммо, айро туширди тақдир.

Ҳар нарсага кўнаркан инсон,
Хаста дардлар дил ичра пинҳон,
Ҳаётимиз эди бир бўстон,
Ўрнига сен қолдирдинг армон,

Сенсизликда яшаш о, ёмон!

Ҳамида КАРИМОВА.