“Миллий қадриятлар ойлиги” бошланди

Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар йили март ойида “Миллий қадриятлар ойлиги” тадбирлари ва халқ сайилларини ўтказиш белгиланган.
Ушбу ойлик халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари, халқ ўйинлари йўналишидаги ижро санъатини тарғиб этишга қаратилган бўлиб, бу лойиҳа анъаналар, тарих, турмуш тарзимиз, қадриятларимиз ва маънавиятимиз каби жиҳатларни ўзида мужассам этади.
Вилоят маданият бошқармасининг маълум қилишича, ойлик доирасида вилоятимизнинг барча ҳудудида бир қатор тадбир, кўрик-танлов ва мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, “Миллий қадриятлар ойлиги” тадбирлари ва халқ сайилларига бошқарма тасарруфидаги барча тизим ташкилотлари, вилоятдаги давлат театрлари, туман (шаҳар) маданият бўлимлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, фольклор-этнографик халқ жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари, бахшилар, театр ва кино актёрлари, ёзувчи ва шоирлар, цирк артистлари, рақс жамоалари ҳамда аския санъати усталари кенг жалб қилинади.
Бунда ҳудудларда урф-одат ва удумларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар халқимизга етказилиб, миллий либослар тарғиботи, бадиий жамоаларнинг чиқишлари, рақс санъати намуналари, миллий чолғучилик бўйича танловлар ҳамда халқ ўйинлари мусобақалари ташкил этилади. Шунингдек, Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маънавий-маърифий учрашувлар, маданий тадбирлар, мулоқотлар, концерт дастурлари ташкил этилади.